Қирғизистон президенти Донбассдаги вазиятга муносабат билдирди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 22 февраль куни кечқурун Украина шарқидаги вазият юзасидан муносабат билдирди.

Садир Жапаров Инстаграм ва Фейсбук саҳифасида эълон қилган муносабатида «Қирғизистон Респбуликаси Украина атрофидаги вазият БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қўллаб-қувватланган Минск шартномаси доирасида ҳал қилиниши»ни қўллаб-қувватлаб келган.

Жапаровнинг фикрича, Минск шартномаси ҳужжатларига амал қилинмагани ортидан вазият кескинлашиб кетди.

«Қурбонлар бўлмаслиги учун вазиятни дипломатия ва сўзлашувлар йўли билан барқарорлаштириш керак деб ҳисоблайман. Инсон умри барча нарсадан қиммат»,-деб ёзган Жапаров.

Президент Россия айирмачи «ДХР» ва «ЛХР» мустақиллигини тан олганига ишорат қилган ҳолда: «Балки бу кўплаб Россия фуқаролари яшайдиган Донбасс ҳудудидаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун иложсизликдан қабул қилинган мажбурий чора бўлиши мумкин. У ёки бу мамлакатни тан олиш масаласи ҳар бир давлатнинг суверен ҳуқуқи эканини таъкидламоқчиман»,-деб ёзди.