Садир Жапаров Душанбеда: чегарадаги воқеалар икки мамлакат учун оғир синов бўлди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон (ўнгда) ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров

29 июнь куни Душанбедаги Миллатлар саройида Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг мамлакатга расмий ташриф билан келган Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров билан учрашуви бўлиб ўтди.

“28-29 апрель воқеалари мамлакатларимиз учун оғир синов бўлди”, деди Қирғизистон раҳбари тожикистонлик ҳамкасби билан учрашув аввалида.

Тожик-қирғиз чегарасида юз берган қуролли тўқнашувларда иккала томондан ўнлаб қурбонлар берилди, юзлаб киши жароҳат олди, аҳоли турар-жойлари ва бошқа бинолар вайрон қилинди ва ёқиб юборилди.

“Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ушбу воқеалар такрорланишига йўл қўймаслиги керак, тожиклар ва қирғизларнинг узоқ йиллар биродарлик ва яхши қўшничилик алоқалари бўлган ва биз бу дўстона алоқаларни сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз”, дея қўшимча қилди Садир Жапаров.

Имомали Раҳмон Қирғизистон президентини мамлакатга ташрифи билан қутлади, аммо тожик-қирғиз чегарасида содир бўлган можаро ҳақида ҳеч нарса демади.

Садир Жапаров Тожикистонга расмий ташриф билан 28 июнь куни кечқурун келган эди. Аэропортда уни Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода қаршилади.

29 июнь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Тожикистонга ташрифи расмий қисми бошланди. ҚР раҳбари маҳаллий вақт билан 8:50 да Душанбедаги Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Соат 9:00 да Қирғизистон Республикаси раҳбарини Миллатлар саройи остонасида тожик ҳамкасби Имомали Раҳмон кутиб олди.

Хабар қилинишича, икки давлат раҳбарларининг суҳбати бир соат 40 дақиқа давом этади. Шундан сўнг делегациялар кенгайтирилган таркибда музокараларни бошлайдилар. Икки томонлама алоқаларга доир бошқа муҳим масалалар қаторида тожик-қирғиз чегарасидаги вазият ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.

“Озодлик”нинг тожик хизмати хабарига кўра, музокаралар якунида тўртта ҳужжат имзоланади. Уларнинг мазмуни ҳозирча сир тутилмоқда.

Ҳужжатларни имзолаш маросимидан сўнг Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров қўшма брифинг ўтказишади. ҚР президентининг Тожикистонга ташрифи маҳаллий вақт билан соат 15:00 да якунланади.

Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон 28 июнь куни шаҳардан ташқаридаги “Баҳор” қароргоҳида бирга кечки сайрга чиқишди. Унинг мазкур қароргоҳга қадам ранжида қилишдан мақсади Тожикистон табиати билан танишишдир, деб хабар қилган Тожикистоннинг “Ховар” миллий ахборот агентлиги.

Ушбу расмий ташрифда президент Садир Жапаровга Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қозоқбоев, Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ақилбек Жапаров, транспорт ва коммуникациялар вазири Гулмира Абдралиева, фавқулодда вазиятлар вазири Бообек Ажикеев, маданият вазири Қайрат Иманалиев, шунингдек, ҚР Вазирлар Маҳкамасининг Боткен вилоятидаги вакили, ҚР ДМХҚ раисининг биринчи ўринбосари — Чегара хизмати директори ҳамроҳлик қилишмоқда.

Садир Жапаровнинг Тожикистонга расмий ташрифи май ойининг биринчи ярмида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ 28-29 апрель кунлари тожик-қирғиз чегарасида қуролли тўқнашув содир бўлиши туфайли бу ташриф қолдирилган. Қирғизистон можародан сўнг Тожикистон билан чегарасини бир томонлама тартибда ёпган.