Саида Мирзиёева Наманганда заҳарланган болаларнинг “кайфияти яхши”лигини иддао қилди

Саида Мирзиёева Чустдаги шифохонада

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева Наманган вилоятида заҳарланган болалар ҳолидан хабар олгани тўғрисида телеграм каналида маълум қилди.

Президент топшириғига асосан Наманган вилоятига борганини ёзган Мирзиёева: “Вазиятни кўзимиз билан кўриш учун шифохонага бордик, болажонлар ҳолидан хабар олдик. Уларнинг кайфияти яхши, ҳаммалари аста-секин тузалишмоқда, кўпчилиги соғайгани учун уйига - оиласи бағрига қайтарилган”, деб ёзди.

Унга кўра, болаларнинг заҳарланиши юзасидан соғлиқни сақлаш, СЭС, таълим, прокуратура ва бошқа тегишли соҳа мутасаддилари билан йиғилиш ўтказилган. Мазкур ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят иши Наманган вилоят прокуратурасидан Бош прокуратурага ўтказилган.

Мирзиёева ўз билдирувида Наманган вилоятида қанча бола заҳарлангани ва заҳарланиш сабаблари тўғрисида маълумот бермади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида камида 70 бола заҳарлангани тўғрисида хабарлар чиққан. Бироқ ижтимоий тармоқларда Чустдаги болалар боғчаларида заҳарланган болалар сони камида 450 нафар экани ва улар “Йод” ёки "Антиструмин"дан заҳарланган бўлишлари мумкинлиги тўғрисидаги тахминлардан иборат постлар пайдо бўлди.

22 сентябрь куни UzA | Tezkor xabarlar телеграм каналида мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмолини тўхтатиш тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатма бергани тўғрисида “Шошилинч хабар” эълон қилинди. Телеграм канал Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Кўрсатма хати" нусхасини эълон қилди.

Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова имзолагани айтилаётган кўрсатмада, болаларнинг заҳарланишига сабаб бўлгани тахмин қилинаётган Antistrumin (Калий йоди) истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунга қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берилгани англашилади.

“Газета. уз”нинг хабар беришича, бу ҳужжат Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармаларига ҳамда дори-дармонларни сотиб олувчи «Ўзмедимпекс” ширкатига, дорини ишлаб чиққан Samo ширкатига жўнатилган.

Ўзбекистон расмийлари шу кунгача бу хабарларга муносабат билдирмади.