Танқидчиларга кўра, Ўзбекистоннинг авторитар раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг 39 ёшли қизи Саида Мирзиёевани эҳтимолий меросхўр қилиб тайинлаб ўн йиллар давомида оила ҳукмронлигини сақлаб қолишни режалаштираётган бўлиши мумкин.
Саида Мирзиёева ҳукуматга бор-йўғи беш йил муқаддам келган, бироқ жуда тез кўтарилиб, ҳозир президентдан кейин иккинчи энг юқори лавозимни эгаллаб турибди. У отаси Шавкат Мирзиёевнинг эҳтимолий вориси сифатида кўрилаётган бўлса-да, экспертлар бу оилада президентликка бошқа даъвогарлар ҳам бўлиши мумкинлигини айтади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиб, ўзининг ҳокимиятдаги умрини яна 14 йилга узайтириб олди.
Уч нафар фарзанднинг тўнғичи бўлган Саида Мирзиёева 2019 йил апрель ойида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари ўринбосари сифатида ҳукуматга қўшилди, бу лавозим автоматик равишда уни президент маслаҳатчиси ўринбосарига айлантирарди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Сиёсатда тажрибаси оз бўлишига қарамай, Мирзиёева тезда кўтарилди: 2023 йилда у президентнинг биринчи ёрдамчиси, президент маъмуриятида давлат раҳбаридан кейин иккинчи муҳим лавозимга тайинланди.
“Бу Мирзиёеванинг карьерасидаги метеорик юксалиш бўлди”, дейди мустақил ўзбек журналисти Жаҳонгир Муҳаммад. "Мутлақо номаълум шахс тўсатдан Ўзбекистонда иккинчи муҳим лавозимни эгаллади".
Мирзиёева Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган сиёсатчиларидан бирига айланди, у расмий учрашувларда тез-тез қатнашади, хорижлик нуфузли меҳмонларни қутлайди, вилоятларга боради ва хорижга дипломатик ташрифлар қилади.
Ўтган ойда хорижга сафари чоғида Мирзиёева қўшни Қозоғистонга ташриф буюрган ва у ерда отасининг ташрифи олдидан президент Қасим-Жомарт Тоқаев билан расмий учрашув ўтказган эди.
Мутахассислар фикрича, Мирзиёеванинг обрў-эътибори ортиб бораётгани Ўзбекистон президенти нафақат мамлакатни бошқаришда ўз оиласига таянаётганини, балки ўз авлодларини олий лавозимга тайёрлаётганини ҳам англатади.
Президентликни оилада сақлаб қолиш Мирзиёев клани аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаши мумкин, уларнинг аксарияти у 2016 йилда лавозимга келганидан бери катта бойлик орттирган. Ўзбекистонда демократия йўқ экан, президентнинг ваколати чексиз.
Ўзбекистонлик сиёсий экспертлар айтишича, Мирзиёев қўшни Туркманистондан ўрнак олиши мумкин, у ерда авторитар етакчи Гурбангули Бердимуҳамедов 2022 йилда назорат остида ўтказилган сайловларда президентликни ўғли Сердарга топширган эди.
Сердар Бердимуҳамедов лавозимга киришгунга қадар бир қанча юқори давлат лавозимларида ишлаган.
“Ўзбекистон диктатура бўлиб, ҳукуматни биринчи оила бошқаради, у ҳамма нарсани назорат қилади”, - дейди ўзбекистонлик собиқ дипломат Алишер Таксанов.
“Мирзиёевнинг деярли барча қариндошлари вазирликларда ёки бошқа давлат муассасаларида ҳокимият тепасида. Оила хавфсизлик хизматлари ва бизнесни ҳам назорат қилади”, дея қўшимча қилди Швейцарияда яшовчи Таксанов.
Ўзини ислоҳотчи деб атаган Мирзиёев яккаланиб қолган Марказий Осиё давлатини очди, қўшнилар билан алоқаларни яхшилади, кўплаб сиёсий маҳбусларни озод қилди ва пахта саноатидаги болалар меҳнатига барҳам берди. Бироқ у ҳақиқий демократик ислоҳотларни амалга оширмади. 37 миллион аҳолиси билан Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга Ўзбекистонда на расмий сиёсий мухолифат, на мустақил матбуот мавжуд. Ҳукумат, шунингдек, сўз эркинлиги ва ўзгача фикрни қаттиқ бостиради.
Таксановнинг башорат қилишича, Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида сиёсий ҳокимиятнинг отадан қизга ўтиши ҳеч қандай ҳақиқий қаршилик ёки жамоатчилик норозилигисиз содир бўлиши мумкин.
“Мирзиёев: “Мен сизга ворис тайёрладим”, деб эълон қилади ва халқ ҳамма нарсани қабул қилади ва одатдагидек унга овоз беради”, дейди собиқ дипломат.
Парижда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаеванинг айтишича, Мирзиёеванинг ҳукуматдаги фаолияти унинг президентлик тизгинини ўз қўлига олиши учун бир машғулотдир.
“Охирги видеолар Мирзиёева жамоат майдонида ўзини анча қулай ҳис қилаётганини кўрсатмоқда. Унинг расмий лавозимлардаги хизмати кўпроқ мартаба поғонасидан олдин стажировкага ўхшаб кетади”, — дейди Атаева. – Мирзиёева ўзидан олдинги раҳбарлар ёки президент маъмуриятининг бошқа амалдорларига берилганидан анча кўп ваколатга эга”.
"Яна бир даъвогар"
Аммо Мирзиёеванинг отаси ўрнини эгаллаш йўли баъзилар башорат қилгандек силлиқ бўлишига ҳамма ҳам ишонавермайди.
Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence таҳлил маркази раҳбари Алишер Илҳомовга кўра, биринчи оилада президентлик учун яна бир кучли даъвогар бор: президентнинг ишончли шахсий қўриқчиси Отабек Умаров, у Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳнозага уйланган.
Президент ҳузуридаги Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Умаров “ўз таъсирига эга, президентга яқин, сафар ва тадбирларда унга ҳамроҳлик қилади”, дейди Илҳомов.
“Озодлик” радиоси ўтказган қатор суриштирувлар 40 ёшли Умаров ўзининг оилавий алоқалари орқали улкан бойлик орттиргани ва мамлакат сиёсий ҳамда иқтисодий элитаси орасида парда ортидаги воситачи ролини ўйнаётганини ўртага чиқарган.
Илҳомовнинг таъкидлашича, Умаров “бутун президент хавфсизлик хизматини бошқарадиган амалдордан кўра кўпроқ шахсий қўриқчига ўхшайди... [ва ўта қудратли] лавозимни эгаллаган [президентга кўпроқ кириш ҳуқуқига эга]”.
Унинг қўшимча қилишича, Умаров ва Мирзиёева ўртасида “маълум бир рақобат” мавжуд. Вазиятдан хабардор икки манба “Озодлик” билан суҳбатда Умаров ва Мирзиёеванинг яқин ҳамкори Комил Алламжонов ўртасидаги можаро ҳақида гапирди.
Манбалардан бирининг иддао қилишича, Умаров унинг номидан ишлаб, тадбиркорлар ва амалдорларга босим ўтказган “норасмий идора” фош этилиши ортида Алламжонов турганинигумон қилган.
Ўзбекистон расмийлари “Озодлик”нинг изоҳ сўраб қилган мурожаатини жавобсиз қолдирган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Хавфсизлик хизмати роли
Ўзбекистонда ҳокимиятнинг ҳар қандай ўзгариши кучли хавфсизлик хизмати томонидан қўллаб-қувватланиши керак, дейди Илҳомов ва бошқа экспертлар.
Айни дамда Мирзиёева Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси ўринбосари бўлган қайнотаси Ботир Турсуновнинг ёрдамига ишониши мумкин, дейди Илҳомов. Аммо у Умаровнинг келажакда хавфсизлик хизматига ўтиб, амалда ҳал қилувчи шахсга айланишини истисно этмайди.
“Бундай сценарийда, агар Мирзиёева қариётган Турсунов ўрнига ўз одамини [хавфсизлик хизматига] қўя олмаса, Умаровнинг президент бўлиш имконияти кўпроқ бўлади”, дейди таҳлилчи.
Биринчи оила ҳеч қачон меросхўрлик режаси ёки ўзаро рақобатга ишора қилмаган ва ўзларини бирлашган фронтдек кўрсатишда давом этмоқда.
Шу билан бирга, Мирзиёеванинг машҳурлиги ошиб бораркан, ўзбеклар тобора кўпроқ собиқ президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова билан параллел ўтказишмоқда.
Бир пайтлар отасининг эҳтимолий меросхўри сифатида кўрилган Каримова ҳозирда пул ювиш, товламачилик ва бошқа жиноятлар учун қамоқ жазосини ўтамоқда. Хабарларга кўра, у 1 миллиард доллардан кўпроқ маблағ тўплаган ва ноқонуний бизнес амалиётлари туфайли хориждаги катта кўчмас мулк портфелига эгалик қилган.
Алишер Таксановнинг иддао қилишича, Каримованинг ноқонуний йўллар билан қўлга киритган баъзи активлари сўнгги йилларда “ими-жимида Мирзиёев оиласининг мулкига айланган”.