Ўзбекистонда жиноий авторитет сифатида билинган Салим Абдувалиев ҳибсга олинган. Бу ҳақда 5 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.
“Салимбой” номи билан билинган ва бунга қадар маҳаллий матбуотда тадбиркор ва меценат деб таърифлаб келинган 73 яшар Салим Абдувалиев ЖКнинг 248-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда гумон қилинмоқда.
“1950 й.т. Абдувалиев Салим Киргизбаевич (248-модда 1-қисми, ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш) гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.
Аввалроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари Салим Абдувалиевга нисбатан терговга қадар текширув ўтказаётганини билдирган эди.
Абдувалиев 2017 йил январидан Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келаётганди.
2 декабрда Тошкент шаҳар ИИББ жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани тўғрисида хабар берганди.
Тошкент шаҳар ИИББ 2 декабрь куни “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган шахс қамоққа олинганини маълум қилди.
Расмий билдирувга кўра, 1987 йилда туғилган Саидазиз Саидалиев спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига йиғиб, безорилик, тамагирлик каби жиноятларни содир этган.
3 декабрда Тошкент шахар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси “қонундаги ўғри” сифатида билинган “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратуллаев ва бошқа шахслар ҳибсга олинганини тасдиқлади.
Хабарда айтилишича, улар "таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган". (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик). Шунингдек, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев 276-модда 2-қисми - кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлашда ҳам гумонланмоқда.