Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Миллий олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Салим Абдувалиевга нисбатан терговга қадар текширув ўтказмоқда, деб хабар берди Kun.uz.
Бироқ расман бу маълумот ҳозирча тасдиқланмади. Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам, ҳукумат идоралари ҳам бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.
73 ёшли Абдувалиев "Салимбой" ва "Салимбойвачча" лақаблари билан танилган.
Абдувалиев 2017 йил январидан Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келаётганди.
Kun.uz нашри ўз манбаси Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси биринчи вице-президенти Ғофур Раҳимов қидирувда экани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарларни тасдиқламагани ҳақида ҳам ёзди.
2 декабрда Тошкент шаҳар ИИББ жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилаётгани тўғрисида хабар берганди.
Тошкент шаҳар ИИББ 2 декабрь куни “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган шахс қамоққа олинганини маълум қилди.
Расмий билдирувга кўра, 1987 йилда туғилган Саидазиз Саидалиев спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига йиғиб, безорилик, тамагирлик каби жиноятларни содир этган.
3 декабрда Тошкент шахар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси “қонундаги ўғри” сифатида билинган “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратиллаев ва бошқа шахслар ҳибсга олинганини тасдиқлади.
Хабарда айтилишича, улар "таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган". (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик). Шунингдек, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев 276-модда 2-қисми - кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлашда ҳам гумонланмоқда.