Бишкекнинг Биринчи май тумани суди 24 январь куни Қирғизистон парламенти депутати Эмил Жамғирчиевни чегарани ноқонуний кесиб ўтганликка оид иш бўйича бир ойга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати туман суди матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Чоршанба оқшомида чиққан суд қарори мувофиқ, Жамғирчиев 26 февралгача ҳибсхонада қолади. Бунга оид илтимоснома Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) терговчиси томонидан киритилган.
25 январь куни депутатнинг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ берган МХДҚ Жамғирчиев "жиноий жавобгарликдан бўйин товлаш мақсадида" ноқонуний равишда бошқа мамлакатга чиқиб кетишни истаганини билдирган.
Қирғизистон парламенти 10 январь куни кўпчилик овоз билан Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга розилик берган эди. Депутатнинг ўзи мазкур мажлисда қатнашган эмас, унинг қаердалиги ҳам маълум бўлмаган. Мажлисдан бир кун олдин у иккинчи қаватдан сакраб, Оқ уй биносини тарк этгани айтилган. Кейинроқ интернет тармоғида Жамғирчиев парламент биносининг иккинчи қавати деразасидан сакраётгани акс этгани иддао қилинган видео пайдо бўлган эди.
Жамғирчиев аввалроқ ўзига билдирилаётган айблов ўринсизлигини билдириб, буни сиёсий таъқиб ўлароқ баҳолашини урғулаганди.
Қирғизистон парламентининг 10 январдаги мажлисида МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев депутатларга Жамғирчиев бор-йўғи сўроқ қилинишини, депутатни ҳеч ким қўлга олмаслигини айтган эди. Ўша мажлисда Жамғирчиев 2022 йилнинг декабрь ойида "Салимбой" номи билан танилган Салим Абдувалиев билан учрашиш ва ундан қўллов олиш мақсадида чегарадан ноқонуний ўтиб, Тошкентга боргани қайд этилганди.
12 январь куни Жамғирчиев ўз ихтиёри билан МХДҚга сўроққа борган.
Қирғиз депутати учрашгани айтилаётган Салим Абдувалиев 5 декабрь куни ҳибсга олингани тўғрисида Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилган эди.
“Салимбой” номи билан билинган ва бунга қадар маҳаллий матбуотда тадбиркор ва меценат деб таърифлаб келинган 73 ёшли Салим Абдувалиев ЖКнинг 248-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда гумон қилинмоқда.
“1950 й.т. Абдувалиев Салим Киргизбаевич (248-модда 1-қисми, ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш) гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган”, дейилган Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.
Абдувалиев 2017 йил январидан Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келаётганди.
Ўзбекистонда 2 декабрдан бошлаб “жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтаётгани” расман маълум қилинган эди. Сўнгги хабарларга қараганда, шу кунгача мазкур тадбир доирасида юздан ортиқ киши процессуал тартибда ушланган, уларнинг 50 дан зиёди ҳибсга олинган.