“Салимбой” кураш ассоциацияси раҳбарлигидан бўшатилди

Салим Абдувалиев (архив сурати)

“Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимидан бўшатилган.

Миллий олимпия қўмитаси хабарномасидан англашилишича, Абдувалиевнинг ишдан олингани 14 январь куни Миллий Олимпия қўмитасида бўлиб ўтган Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида маълум бўлган.

“Салимбой”нинг ўрнига ташкилот раислигига Ўзбекистон Республика Бош прокурори, мамлакат кураш федерацияси раҳбари Ниғматилла Йўлдошев сайланган. Хабарномада Салим Абдувалиевнинг номи зикр этилмаган.

Маълумотларга кўра, Абдувалиев Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясига 1997 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Аввалроқ Озодлик 6 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Салим Абдувалиев 12 январь куни саломатлигидаги муаммолар туфайли озодликка чиққани ҳақида хабар қилган эди.

Маҳаллий матбуотда тадбиркор ва меценат деб таърифлаб келинган Салим Абдувалиев 2023 йил охирида Ўзбекистонда ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбири давомида қўлга олинганди.

Бу йил 75 ёшни қаршилайдиган Салим Абдувалиев 2024 йилнинг 19 мартида жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг ёпиқ мажлиси ҳукми билан ЖКнинг 248-моддасида (ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш) айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Озодлик манбаларига кўра, Абдувалиев суд ҳукми устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқидан фойдаланган эмас.