“Салимбой” қамоқдан озод қилинди — ОАВ

Салим Абдувалиев 2023 йил охирида Ўзбекистонда ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбири давомида қўлга олинганди

Қамоқ жазосини ўтаётган Салим Абдувалиев 12 январь куни саломатлигидаги муаммолар туфайли озодликка чиққан. Бу ҳақда Kun.uz нашри ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр манбасига кўра, “Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев узоқ вақтдан буён касаллик билан курашиб келаётганди. Шу сабаб у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 75-моддаси тартибида жазодан озод қилинган ва озодликка чиқарилган.

Ушбу модда ҳукм чиқарилганидан кейин жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилинишини назарда тутади.

Маҳаллий матбуотда тадбиркор ва меценат деб таърифлаб келинган Салим Абдувалиев 2023 йил охирида Ўзбекистонда ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тадбири давомида қўлга олинган эди.

Бу йил 75 ёшни қаршилайдиган Салим Абдувалиев 2024 йилнинг 19 мартида жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг ёпиқ мажлиси ҳукми билан ЖКнинг 248-моддасида (ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш) айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Озодлик манбаларига кўра, Абдувалиев суд ҳукми устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқидан фойдаланмаган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 2024 йил 5 август куни Ўзбекистонда жазо ўтаётган Абдувалиевга нисбатан халқаро қидирув эълон қилганди. У Қирғизистонда уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятини молиялаштирганликда гумонланган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, ўтган йил август ойида ижтимоий тармоқларда Салим Абдувалиевнинг қамоқда вафот этгани ҳақида хабар тарқалган, кейинроқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги буни рад этган эди.