Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан 29−30 ноябрь кунлари Тошкентда бўлади. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати 24 ноябрда хабар берди.
“Дэвид О’Салливан Ўзбекистон ҳукумати билан Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузига жавобан Европа Иттифоқи санкциялари бўйича конструктив мулоқотни давом эттириш мақсадида Тошкентга ташриф буюради”, дейилади расмий хабарда.
Тошкентга келишдан олдин О’Салливан 28 ноябрда Қозоғистонга боради ва у ерда мамлакат расмийлари билан учрашади.
Апрель ойида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлган эди. 27 апрелда Тошкентда матбуот анжумани ўтказган Дэвид О’Салливан Ўзбекистон ва ЕИ республика Россияга санкцияларни четлаб ўтувчи ҳудудга айланиб қолмаслиги йўналишида ҳамкорлик қилаётганини айтганди.
АҚШ Савдо вазирлигининг Саноат ва хавфсизлик бюроси 2 ноябрда Россиядаги 12 та ширкат билан бир қаторда Ўзбекистондаги Mvizion МЧЖни ҳам санкциялар рўйхатига киритган эди.
Европа Иттифоқи ҳам Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакетига Москвага санкцияларни четлаб ўтишда кўмаклашганликда гумонланган Mvizion МЧЖни киритишни режалаштирмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский 23 ноябрда 147 нафар жисмоний ва 303 та юридик шахсга нисбатан санкциялар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Улар орасида Ўзбекистондаги Akkermann Cement CA, «Оҳангаронцемент» АЖ, шунингдек, 1984 йилда туғилган Насиба Нарзиева ва 1980 йилда туғилган Шоҳрух Носирхўжаев ҳам бор.
АҚШ ҳам 12 апрель куни юқорида номи қайд этилган Ўзбекистон ширкатлари ва фуқароларни, шунингдек, миллиардер Алишер Усмоновга яқин кўрилган шахсларни Россияга жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берган жисмоний ва юридик шахслар рўйхатига киритган эди. Улар:
Гулбаҳор Бурхановна Исмаилова —Ўзбекистон, Россия ва Кипр фуқароси, Алишер Усмоновнинг синглиси. Акаси билан The Sister Trust компаниясини бирга бошқаради. Исмоилова Европа Иттифоқи, Швейцария ва Буюк Британия санкциялари рўйхатига ҳам киритилган. Зуннур Исмоилов билан биргаликда Тошкентдаги Федорович номидаги клиник санаторий асосчиларидан бири;
Гулноз Зуннуровна Кочарова — Ўзбекистон, Россия ва Кипр фуқароси. Кипр Almenor Holdings директори сифатида рўйхатга олинган;
Шоҳрух Олимжонович Носирхўжаев — Ўзбекистон фуқароси. У БААдаги Hamriyah Steel («Металлоинвест»га тегишли) пўлат прокат заводининг бош директори;
Нарзиева Насиба Эркиновна — Ўзбекистон фуқароси, Шоҳрух Носирхўжаевнинг рафиқаси;
Саодат Бурхоновна Нарзиева — Ўзбекистон фуқароси, Алишер Усмоновнинг синглиси ва Насиба Нарзиеванинг онаси.
Бундан ташқари АҚШ Молия вазирлиги ва Британия ҳукумати Алишер Усмоновнинг USM холдингига, жумладан, «Охангаронцемент”га санкциялар жорий этгани тўғрисида маълум қилинган эди.
Алишер Усмонов Россия президенти Владимир Путинга яқинлиги сабаб уруш бошланганидан бери бир неча бор ҳалқаро санкцияларга тушди.