Самарқанд ҳокимлиги ҳам қиммат автоулов харид қилганини яширди

BYD автомобиллари (иллюстратив сурат)

Самарқанд вилояти ҳокимлиги 630 миллион сўмга 2 дона қора рангли BYD Chazor Champion DM-i Flagship 120km автомобилини харид қилди.

Daryo.uz нашрининг давлат харидлари портали маълумотларини ўрганган ҳолда хабар қилишича, вилоят ҳокимининг автоуловлар харидига оид фармойиши Адлия вазирлигининг “E-qaror” ягона электрон тизими платформасида яшириб қўйилган.

Шартномалар Beni-Motors масъулияти чекланган жамият билан 7 октябрь куни тузилган.

Автомобилларни сотиб олишга вилоят ҳокимининг 30 сентябрдаги 261-7-0-Ф/24 рақамли фармойиши асос қилиб олинган.

Фармойишда маблағ маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобига сотиб олиниши белгиланган. Мақсад эса “вилоятга ташриф буюрган расмий делегацияларга сифатли хизмат кўрсатиш” деб кўрсатилган.

Ҳокимлик шартномани тузишдан олдин давлат харидлари электрон тизимида камида бир иш куни давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиши лозим бўлса-да, ўтказмаган. Шундай бўлса-да, муҳокама ўтказилгани ҳақида баённома тузилиб, эътироз келиб тушмагани билдирилган”, деб ёзган Daryo.uz.

Қайд этилишича, ҳокимлик “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун ва “Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор талабларини ҳам бузган.

Аввалроқ гарданида 6,6 миллиард сўм қарзи бўлган Андижон тумани ҳокимлиги 335 миллион сўмга Captiva 5T Premler автомобилини сотиб олгани, ҳокимликнинг ушбу харидга оид қарори “E-qaror” ягона электрон тизими платформасида яшириб қўйилгани хабар қилинганди.

Сўнгги вақтларда давлат идоралари амалдорларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларга қимматбаҳо машиналар сотиб олаётгани, вазирлик ва ҳокимликларнинг кўплаб ҳужжатларни жамоатчилик ҳукмига ҳавола этмай махфийлаштираётгани эътирозга сабаб бўлмоқда.