16 ноябрь куни эрталаб Самарқанд вилоят, Булунғур туман Ички ишлар бўлимига олиб келинган 57 яшар Насриддин Жабборов бир неча соатдан сўнг оламдан ўтди.
Унинг жасади маҳаллий вақт билан кечки соат 5 ларда туман марказий касалхонаси Тез ëрдам бўлимига чақиртирилган яқинларига кўрсатилди.
Марҳумнинг моматалоқ бўлган жасадини кўрган яқинлари Озодликка унинг ИИБда қўлланилган қийноқлардан ўлганини иддао қилмоқда.
Булунғур туман ИИБсининг Озодлик боғланган мулозимлари бу иддаони инкор қилди ва Жабборовнинг юрак хуружидан ўлганини билдирди.
Ўтмишда наркотиклар савдоси ва фирибгарлик айблари билан бир неча марта қамалиб чиққан Жабборов¸ яқинларининг айтишича¸ ички ишлар тизими ходимлари томонидан махсус амалиëтларда сохта харидор ëки гувоҳ ролини ўйнашга мажбурлаб келинган.
Яқинларининг иддао қилишича, ИИБ оператив ходимларининг бундай “зўравонлиги”дан безган Жабборов¸ президент қабулхонаси ва прокуратурага бу ҳақда бир неча бор шикоят қилган ва бундай ҳаракати билан ички ишлар тизими қаҳрига дучор бўлган.
Махсус тадбир қурбони
Насриддин Жабборовнинг 18 ноябрь куни Озодликка боғланган яқинлари¸ "ички ишлар тизимининг янги қурбонига айланишдан қўрқишларини" айтиб¸ шахслари очиқланмаслигини сўради.
Уларнинг айтишича¸ 16 ноябрь¸ шанба куни эрталаб Насриддин Жабборов Булунғур туман Ички ишлар бўлими Жиноят қдирув бўлими ходимлари томонидан махсус тадбирда қатнашишга мажбурланган.
“Шанба куни эрталаб Булунғурдаги Аваз ошхонаси олдида наркотиклар савдосида гумонланган шахсни қўлга олиш тадбири бўлган. Бир кун олдин унга (Жабборов назарда тутилмоқда – таҳр.) жиноят қидирув бўлими ходимлари телефон қилган. Махсус учëтда тургани учун¸ уни шунақа тадбирларга олдин ҳам мажбурлашган. Оперлар берган пулга у наша сотиб олаëтганда¸ булар ҳам харидор¸ ҳам сотувчини босиб ИИБга олиб кетишган. Бу воқеа¸ гувоҳларнинг бизга айтишича¸ соат 12 ларда бўлган”¸ деди Насриддин Жабборов яқинларидан бири.
Эрталаб оиласи билан бирга чой ичганидан сўнг тушкун ҳолда уйидан чиқиб кетган Насриддин Жабборов яқинлари¸ унинг ИИБга олиб кетилганидан кечки соат 5 ларда хабар топган.
“Тез тиббий ëрдамдан телефон қилишди¸ бордик. Врач ва ҳамшираларнинг ўзаро суҳбатидан¸ ўлимнинг соат 2 билан 3 лар оралиғи¸ смена алмашаëтганда бўлганини тушундик. Айтишларича¸ ўша куни ИИБга Тез ëрдам уч марта чақиртирилган. Учинчиси борганда¸ у ўлиб бўлган экан. Касалхонада номига яна 20 минутча жонлантиришга уринишган. Олдинги визовда больницага олиб кетишга ИИБ рухсат бермаган”¸ дейди Озодликка Жабборов яқинлари.
Ўлим хабарини эшитганидан сўнг Насриддин Жабборов яқинлари жасадни кўрсатишни талаб қилган.
“Жасаднинг моматалоқ бўлиб кетганини кўргандан кейин унинг қийноқ ва калтак зарбидан ўлганини тушундик. Врачлар бу ҳақда фақат тиббий экспертиза хулоса чиқариши мумкин¸ деганидан кейин¸ шунақа эскпертиза ўтказилишини сўраб ариза ëздик. Ҳозирча бизга ҳеч ким ҳеч қанақа маълумот бермади. ИИБ прокуратурага ҳам хабар бермаган¸ ўзимиз бориб билдириб келдик. Прокуратура нима қилаëтганини ҳам билмаймиз. Марҳумни кеча кўмдик”¸ дейди Жабборов яқинларидан яна бири.
Жабборов оиласи унинг ИИБда “қийноқ ва калтаклардан ўлганини тасдиқловчи далил” сифатида марҳум жасадининг ўлимдан уч соатча ўтиб олинган суратларини тақдим қилди.
Суратлардан жасад бўйин¸ биқин ва орқа томонининг моматалоқ бўлгани кўрилади.
Озодлик Жабборовнинг яқинлари иддаоси юзасидан Булунғур туман ИИБнинг икки нафар мулозими билан боғланди.
Ҳар иккала мулозим¸ хусусан¸ Жиноят қидирув бўлими раҳбари Жабборовнинг ИИБда эмас¸ балки касалхонада юрак инфарктидан ўлганини иддао қилди.
“Бу ерда ҳеч қандай ноқонуний ҳатти-ҳаракат бўлмаган. Ҳаммаси қонуний. Бу одамнинг соғлиғи ўзи ëмон бўлган. Обширний инфаркт бўлди¸ Тез ëрдам чақирилди ва у касалхонада вафот этди. Яқинларининг гапи асоссиз”¸ деди Булунғур ИИБнинг Озодлик боғланган расмийлари.
ИИБ мулозимлари Насриддин Жабборов яқинларининг бошқа¸ хусусан¸ унинг 16 ноябрь кунги тадбирда кучли босим остида қатнашгани ҳақидаги иддаоларига муносабат билдирмади.
“Насриддин Жабборов ИИБнинг махсус операциялардаги ëлланма актëри бўлган”
Шанба куни эрталаб ИИБ чақируви билан уйидан соппа-соғ чиқиб кетиб¸ тушдан сўнг ўлиги чиқарилган Насриддин Жабборов¸ унинг яқинларига кўра¸ узоқ йиллар давомида ИИБ томонидан махсус амалиëтларда роль ўйнаб беришга мажбурлаб келинган.
“Ўтмишда уч марта қамашган. Олдинлари наша чеккан¸ лекин охирги марта қамоқдан чиққанидан кейин ичиш ва чекишни ташлаган эди. Ўзини ҳам Россиядан қайтиб келганидан кейин подстава билан наркотиклар савдосида айблаб¸ қамашган. Яна икки марта фирибгарлик билан қамашганди. Биз билан ҳамкорлик қиласан¸ деб уни муддатидан олдин чиқаришган. Махсус учëтда турарди. Уни жиноят қидирувдагилар подстава учун ишлатишарди. Айби бўлмаган одамларни қамашда роль ўйнашга мажбурлашарди. Бундан норози бўлиб президент портали¸ вилоят прокуратурасига шикоят ҳам ëзган. Бегуноҳ одамларни ўзларинг наркотик ташлаб қамаяпсизлар¸ деб оперлар билан очиқчасига урушган. Шунга шанба куни улар буни ўласи қилиб уриб¸ биратўла қутулиб қўя қолишди”¸ дейди Насриддин Жабборов оиласи вакили.
Марҳум яқинлари Озодликка тақдим этган расмий мактублардан Жабборовнинг Булунғур туман ИИБ ва Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси ходимларининг "ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари" устидан туман ва вилоят прокуратурасига қилган шикоятларининг қондирилмагани кўрилади.