Самарқанд саммитида Туркманистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлади

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг байроқлари.

Самарқандда 11 ноябрь куни ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг илк саммитида Туркманистон тўлақонли аъзоликка қабул қилинади. Бу ҳақда ўтган пайшанба куни Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билдиргани тўғрисида “Анадўлу” агентлиги хабар тарқатди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити 11 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтишини тасдиқлади. Аммо билдирувда Туркманистон тўғрисида маълумот берилмади.

Туркий давлатлар ташкилоти 2009 йилнинг октябрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) сифатида ташкил этилган эди. Унга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия аъзо бўлган.

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш ниятини 2018 йилда билдирган ва 2019 йилда Бокуда ўтган саммитда аъзоликка қабул қилинган. Венгрия ва Туркманистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

2021 йилнинг 12 ноябрида ўтказилган Истамбул саммитида Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилди.