Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити муносабати билан Самарқанд шаҳридаги мактабларда дарслар 19 сентябрдан бошланиши тўғрисида вилоят Халқ таълими бошқармаси 29 август куни маълум қилди.
«Мазкур жараёнлар ва тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларга яқин жойларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, аҳолига қулай шароитларни яратиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув жараёнлари жорий йилнинг 19 сентябрь санасидан бошланишини маълум қиламиз», — дейилади расмий билдирувда.
Халқ таълими бошқармаси қолдирилган дарс соатлари ўқув йили давомида таътиллар ҳисобидан тўлдирилишини ҳам қайд этган.
ШҲТнинг навбатдаги саммитига 15—16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилади. ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон ва Эрон аъзо давлатдир. Афғонистон, Монголия ва Беларусь ташкилотда кузатувчи мақомига эга.
Аввалроқ Uzbekistan Airways ШҲТ саммити муносабати билан Самарқанд аэропорти вақтинча ёпилишини ва қатор рейслар бекор қилинганини билдирган эди.