Самарқанд вилоятидаги олтин конидан икки кишининг жасади топилди

Иллюстратив сурат

Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги жойлашган “Зармитан” олтин конидан икки йигитнинг жасади топилди.

Маҳаллий нашрларнинг Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишларича, жасадлар 28 июнь куни соат 03:30 лар атрофида топилган.

Ёшлари 20 ва 24 да бўлган марҳумларнинг кончилар кийимида конга ноқонуний равишда киргани, улар ёнидан маъданли тошлар билан тўлдирилган 94 килограммли иккита қоп топилгани айтилмоқда.

Бош прокуратура қайдича, жасадларни ерости машинаси оператори топган.

Йигитларни ўзиюрар ерости машинаси уриб кетган бўлиши, кабинанинг қарама-қарши томонида бўлганлари учун оператор уни кўрмай қолган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Ҳолат юзасидан айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистондаги олтин конларида кончилар ёки ноқонуний равишда олтин қазиб олишга уринганлар ҳалок бўлгани ҳақида Озодлик аввал ҳам бир неча бор хабар қилган.