Самарқандда диний экстремизмда гумонланган йигит қамалди

Иллюстратив сурат

Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи 19 яшар йигит диний-экстремистик мазмундаги материалларни тарқатгани учун судланди.

“Cевимли” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Замон” информацион дастури хабарига кўра, фуқаро Телеграм платформасида гуруҳ очиб, интернетдан юклаб олинган диний мазмундаги мусиқаларни жойлаб борган.

Судланувчи томонидан юритиб келинган гуруҳ кўздан кечирилганда, унда 5 та диний мазмундаги тақиқланган нашида борлиги аниқланган.

Йигит суд мажлисида араб тилини билмаслиги, диний қўшиқларни турли каналларда эшитиб қолгани ва ёққани учун маъносини тушунмасдан гуруҳга жойлаганини айтган. Қилмишидан пушаймонлик билдириб, суддан енгиллик сўраган.

Суд фуқарони Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” бандида (оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган. Унга 57-модда (енгилроқ жазо тайинлаш) татбиқ этилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Сўнгги ойларда мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари диний экстремизм ва терроризмга алоқадор бир неча ҳолат ҳақида ахборот ёйинлади.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти Зомин тумани суди халқаро террорчилик ташкилотларининг материалларини тарқатиш ва молиявий қўллаб-қувватлашда айбланган 27 ёшли йигитни 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Қўқон шаҳри суди эса “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти тарафдори экани айтилган 11 кишига нисбатан 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.