Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Галаравот маҳалласида яшовчи фуқаро А.А. хотини ва 5 ойлик боласини ўлдириб, ўзини осди, деб хабар қилди “Gazeta.uz” нашри Бош прокуратура матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда.
Қайд этилишича, 24 декабрь куни соат 23:20 ларда Оқдарё тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари чақирувга асосан Галаравот маҳалласида яшовчи А.А.нинг уйига борганда хонадонда унинг турмуш ўртоғи М.А. ва 5 ойлик фарзанди П.М. ўлик ҳолатда топилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, А.А. турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, уни қайчи билан чавақлаган. Сўнг бешикда ётган фарзандини бўғиб ўлдирган, кейин эса ўз жонига қасд қилган.
Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан иш қўзғатилган.
Икки йил аввал ҳам шунга ўхшаш жиноят содир этилган эди. 2020 йил 13 июнь куни Наманган шаҳрида яшовчи 44 ёшли У. Х. яшаш хонадонида турмуш ўртоғи М. М. (1984 й.т.) билан жанжаллашиб, уни болта билан чопиб ўлдирган. Сўнг 10, 8 ва 1 ёшли қизларини болта билан жароҳатлаган. Оқибатда бир яшар қизча воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. У. Х. эса уйи ошхонасида ўзига ўт қўйиб вафот этган.