Самарқанд вилоятида табиий газ йўқлигидан норози бўлиб, йўлни тўсиб қўйган 13 нафар фуқаро жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, шу йилнинг 26 сентябрь куни Самарқанд тумани “Янгиариқ-1” маҳалла фуқаролар йиғини Чунгул кўчасида яшайдиган 13 нафар киши Самарқанд "М-37а автомобиль ҳалқа йўли"нинг 8-9 километрида йўлининг қатнов қисмига чиқиб, йўлни тўсиб қўйган.
Бу одамларнинг маҳалласи 2015 йилда ҳукумат қарори асосида табиий газ тармоғидан узилгани ва суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланиши йўлга қўйилгани айтилган.
Норозилар маҳаллага суюлтирилган газ баллони сўнгги бор июль ойида тарқатилганидан шикоят қилганлар.
Улар Самарқанд тумани ҳокимияти биносига олиб келиниб, туман ҳокими, вилоят ва туман ИИБ раҳбарияти ҳамда мутасадди ташкилот ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилган.
Самарқанд тумани ИИБ ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бор ва тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судининг 27 сентябрь кунидаги қарори билан 13 нафар шахс МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддасида (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топилиб, маъмурий жавобгарликка тортилган. Хусусан, улардан икки нафарига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, қолган 11 кишига жарима жазоси тайин қилинган.
Аввалроқ Озодлик август ойи бошида Андижонда ҳоким қабулига киролмаганидан норози бўлиб, йўл тўсишга уринган аёллардан 11 нафари 15 суткагача бўлган муддатга қамалгани, қолган 6 нафар норози жаримага тортилгани ҳақида хабар қилган. Шунингдек, июль ойида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Айритом қишлоғида ўтган ой электр энергияси билан боғлиқ муаммолар туфайли Тошкентдан келаётган “Афросиёб” тез юрар поезди йўлини тўсиб қўйган 9 нафар фуқаро 15 кунга ҳибсга олингани, яна 4 киши жаримага тортилгани ҳақида хабар қилинган.