Самарқандда консервадан заҳарланган бола вафот этди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи оиланинг тўрт нафар аъзоси овқатдан заҳарланди.

Жорий йил 1 ноябрида рўй берган ва бир боланинг ўлими билан якунланган ҳодисадан жамоатчилик эндиликда хабар топмоқда.

“Севимли” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Замон” информацион дастурида берилган лавҳада қайд этилишича, Пастдарғом тумани Манғитобод маҳалласида яшовчи оиланинг тўрт аъзоси – эр-хотин ва икки бола уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиши ортидан соғлиғи ёмонлашган.

Шундан сўнг улар шифохонага ётқизилган ва текширувларда ботулизм хасталиги аниқланган. Шифохонада оиланинг кенжа фарзанди вафот этган.

Юқумли касалликлар шифохонаси вакили бола талваса синдромидан вафот этганини айтган.

Аммо туман санитария идораси бошлиғи Бурҳон Умаров бола заҳарланишдан вафот этгани, юқумли касалликлар шифохонаси шифокорлари ташхис қўйишда адашганини таъкидлаган.

Ҳолатга доир бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, ботулизм касаллиги асосан уй шароитида тайёрланган сабзавот ва мева консервалари, дудланган балиқ ва гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади. Ботулизм умумий инфекцион интоксикация, ошқозон-ичак трактининг бузилиши ва неврологик синдромлар кўринишида намоён бўлади. Ботулизм кўп ҳолларда ўлимга олиб келади.

Озодлик аввалроқ Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида ҳот-дог истеъмол қилгани ортидан тўрт киши заҳарлангани ҳақида хабар берганди.