Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни айланма йўллар билан АҚШ давлатига ноқонуний юбораётган жиноий гуруҳ аъзолардан бирининг фаолиятига чек қўйган. Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига кўра, ДХХ мазкур амалиётни Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширган.
Қайд этилишича, бухоролик 27 ёшли М.Ф. ўзбекистонликларни ноқонуний йўллар билан Европа Иттифоқи давлатлари ва Мексика орқали АҚШга юбориш билан шуғулланган.
АҚШга юбориш учун 15 минг доллар сўраган бу шахс самарқандлик “мижоз”идан 3 минг долларини олаётган пайтда ушланган.
Айни пайтда унга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган.
Ўтган йилнинг декабрь ойида ҳам ДХХ Ўзбекистон-Испания-Мексика-АҚШ ҳамда Ўзбекистон-Туркия-БАА-Мексика-АҚШ йўналишлари орқали Қўшма Штатларга етказиб қўйиш ваъдаси билан ўзбекистонликлардан бир неча минг доллардан аванс олаётган икки киши қўлга олингани ҳақида маълумот тарқатилган эди.
Озодлик суҳбатдошларига кўра, ўзбекистонликларнинг минглаб доллар пул сарфлаб, ноқонуний йўллар ва қийинчиликлар билан бўлса-да, АҚШга кетишга уринаётганини улардаги катта даромад топиш истаги билан изоҳлаш мумкин.
Статистик маълумотлар ҳам ўзбекистонликлар орасида эса АҚШда яшаш ва ишлаш истагида бўлганлар сони йил сайин кўпайиб бораётганини тасдиқламоқда. АҚШ Аҳолини рўйхатдан ўтказиш бюросининг сўнгги ҳисоботига кўра, Қўшма Штатларда ҳозирда 62 мингдан зиёд ўзбекистонлик яшайди. Улар орасида икки мингдан зиёди АҚШ ватандошлигини олган. Америкадаги 11 миллион ноқонуний муҳожирлар орасида ўзбекистонликлар ҳам кам эмас.