Самарқандда қурилиш ширкати 30 дан зиёд дарахтни кесиб ташлади

Иллюстратив сурат

Самарқанд шаҳрида болалар боғчаси ҳудудида қўшимча бино қураётган қурилиш ширкати ноқонуний равишда 31 туп дарахтни кесиб ташлаган. Қонунбузарлик ҳолати Самарқанд вилояти Экология бошқармаси томонидан ўтказилган текширув чоғида аниқланган.

Экология бошқармаси матбуот хизматига кўра, боғча ҳудудида кесилган дарахтларнинг 30 тупи ҳукумат қарорига асосан қимматбаҳо навлари рўйхатига киритилган Элдор қарағайи (Пинус елдариcа), бир тупи эса кам қимматли терак дарахти бўлган. Дарахтлар ноқонуний равишда қурилиши режалаштирилган бинонинг ерости қисмини (котлован) қазиш вақтида кесиб ташлагани аниқланган.

Олиб борилган тезкор ўрганишлар жараёнида “Самарқанд махсус сув дренаж” МЧЖ томонидан дарахтларни ноқонуний тарзда кесиб ташлаши оқибатида табиатга 260 620 000 сўм зарар етказганлиги маълум бўлди”, дейилган бошқарма хабарномасида.

Ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этилган.

Ўзбекистон президенти 2021 йил 31 декабрь куни имзолаган фармонга мувофиқ, мамлакатда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган. Дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш ҳам тақиқланган.