Самарқанд шаҳри ва вилоятдаги қатор туманлар шу кунларда сув таъминотида узилишларга дуч келмоқдалар. “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ бунга жорий йилда кузатилаётган “табиий қурғоқчилик” сабаб бўлаётганини билдирди.
Қайд этилишича, ҳозирда ёғингарчилик йўқлиги ва Зарафшон дарёси ўзанида сув оқимининг камлиги сабабли ерости сувларининг сатҳи (дебити) пасайиб кетган.
“Натижада иншоотлардаги насос ускуналарининг мўътадил ишлашида ерости суви захирасининг етишмаслиги сабабли Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Пастдарғом, Нуробод, Иштихон, Каттақўрғон, Пахтачи, Нарпай, Пайариқ ва Оқдарё туманлари аҳолисини тоза ичимлик суви таъминотида узилишларни олиб келмоқда”, дейилган “Самарқанд сув таъминоти” хабарномасида.
Ташкилот маъмурияти сув таъминотида кузатилаётган камчиликлар – сув етишмовчилиги учун истеъмолчилардан узр сўраб, мазкур ҳолат тез орада Зарафшон дарёси ўзанида сув оқимининг ошиши ва бу билан боғлиқ ерости сувлари захираси сатҳининг кўтарилиши билан ўз ечимини топишини маълум қилган.