Самарқандда талаба қиз ўз жонига қасд қилди

Иллюстратив сурат

Самарқанд шаҳридаги ISFT институти 1-босқич талабаси ўз жонига қасд қилди, дея хабар қилди Daryo.uz нашри.

Фожиа 19 февраль куни соат 17:00 атрофида содир бўлган.

2005 йилда туғилган С.М. (қиз) Самарқанд шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйнинг 9-қаватидаги хонадон деразасидан ўзини пастга ташлаган ва ҳодиса жойида вафот этган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг ҳолатга аниқлик киритишича, ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Қизга тегишли бўлган уяли телефон аппарати эса иш учун аҳамиятли маълумотлар мавжудлигига аниқлик киритиш мақсадида компьютер техникавий экспертизасига топширилган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.

Марҳума ҳали турмуш қурмагани, бувиси билан яшаб келгани айтилмоқда.

Сўнгги ойларда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида қизларнинг ўзини юқори қаватдан пастга ташлаш орқали жонига қасд қилиши билан боғлиқ бир неча ҳолат қайд этилди.

Жорий йил 7 февраль куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 17 ёшли қиз ўзини юқори қаватдан ташлаш натижасида ҳалок бўлган.

13 январь куни Самарқанд шаҳрида 14 ёшли қиз айни шу йўл билан жонига қасд қилган.

Самарқанд шаҳрида 2024 йилнинг 12 декабрига ўтар кечаси таниқли бюти-блогер ва косметолог Гўзал Маҳматқулованинг 8-қават деразасидан тушиб кетиб ўлгани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Расмийлар марҳума ўз жонига қасд қилганини айтишган, аммо яқинлари бу версияни рад этишган.

2024 йил ноябрь ойида Сурхондарё вилояти Денов туманида ҳам шу каби фожиа рўй берганди.