Самарқандда уч нафар фуқарони Ўзбекистон-Россия-Туркия-Бирлашган Араб Амирликлари-Буюк Британия-Мексика-АҚШ йўналиши орқали Қўшма Штатларга йўллаш учун жами 60 минг доллар (ҳар бир кишидан 20 минг доллардан) талаб қилган шахс ушланган.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, 32 ёшли самарқандлик йигит талаб қилинган пулни олган пайтда ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қонунбузарнинг хорижий давлатлардаги жиноий алоқаларига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда”, дейилган ДХХ хабарномасида.
Ўзбек чекистлари текширув ҳаракатлари давомида АҚШга кетмоқчи бўлган фуқароларга йўлга чиқишдан аввал ПЦР-тест маълумотномасига ва ҳисобида 5 минг АҚШ доллари бўлган VISA-картага эга бўлишлари кераклиги айтилганини аниқлашганини қўшимча қилганлар.