Самарқандда ШҲТ саммити доирасида 14 сентябрь куни “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши (Қирғизистон ҳудудида) лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, уч томонлама битимга Ўзбекистон томонидан Транспорт вазирлиги, Қирғизистон томонидан Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги, Хитой томонидан эса Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси вакиллари имзо чекишган.
“Мазкур ҳужжат билан Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш белгиланган”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Ҳужжат билан лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишда томонларнинг иштироки, молиялаштириш ва харажатларни тақсимлашига аниқлик киритилган.
Транспорт вазирлиги вакилларининг урғулашларича, лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўллар билан Форс кўрфази давлатларига ташувларни ҳамда савдо географиясини кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши тез орада бошланишини тасдиқлашган. Мазкур темир йўлни қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида кўтарилган, аммо ҳанузгача амалга ошмай қолмоқда.