Самарқандда хорижга йўллаш ваъдаси билан 49 кишини алдаган шахс ушланди

Иллюстратив сурат

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида ноқонуний йўллар орқали хорижга йўллаш ваъдаси билан одамлардан алдаб, пул олган киши қўлга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумот тарқатди.

Хабарномада БП ҳузуридаги департаментнинг Оқдарё туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Э.Х. ва Б.Б.нинг ишончига кириб, уларни Англияга ишга юбориш эвазига 4 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган фуқаро В.И. 1,2 миллион сўм ва 700 АҚШ долларини қайтариб берган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани айтилган.

Шунингдек, терговга қадар текширув давомида фуқаро В.И. 47 нафар фуқарони алдаб, чет давлатларга ишга юбориши эвазига жами 37 минг 160 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Навоий вилоятида ўтказилган тадбирда эса фуқаро Р.Д. фуқаро А.Ф.ни Жанубий Кореяга яшаш ва ишлаш учун жўнатиши ҳамда виза ҳужжатларини тайёрлаб бериши эвазига “фирибгарлик йўли билан 4 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган”и айтилган.

“Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилган департамент хабарномасида.