Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги “Қорақўтон” тоғ конидан ноқонуний равишда олтин рудасини қазиб олмоқчи бўлган икки фуқаро фожиали тарзда ҳалок бўлди.
Маҳаллий матбуотнинг Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилишича, 9 январь куни соат 20:00 ларда 5 нафар фуқаро “Қорақўтон” тоғ конига қарашли, маҳаллий аҳоли “Найман чўққи” деб атайдиган шахтага тушишган.
Улар генератор ва бошқа ускуналар ёрдамида таркибида олтин моддаси бўлган тошларни ковлаб олаётган вақтида генератордан чиққан ис газидан заҳарланган.
“Оқибатда фуқаро Ж.С. ва Ў.Э. шахта ичи пастки қисмига йиқилиб, шахта девори тошларига урилиб, воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, яна 3 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиш билан 10 январь куни соат 03:30 ларда туман марказий шифохонасига келтирилган”, дейилган БП хабарномасида.
Вафот этганларнинг бири 30 ёшда, бошқаси 20 ёшда бўлган.
Пахтачи тумани прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.
Ўзбекистондаги олтин конларида ноқонуний равишда олтин қазиб олишга уринганлар ҳалок бўлгани ҳақида Озодлик аввал ҳам бир неча бор хабар қилган.
2023 йил июнь ойида Самарқанд вилоятидаги “Зармитан” олтин конида икки йигит нобуд бўлган.
2021 йилнинг ёзида Навоий вилоятидаги ташландиқ конда тўрт йигит ноқонуний олтин ковлаётган пайтда ҳалок бўлган эди.