Афғонистонда қулаган Россия самолётидаги олти кишидан тўрт нафари тирик топилди

Афғонистон манзараси.

Таиланд-Гоа-Тошкент-Москва рейсини амалга ошираётган Россияга қарашли Falcon 10 самолёти бортида бўлган олти кишидан тўрт нафари тирик топилди. Бу ҳақда “Росавиация” Афғонистондаги Россия элчихонасига таянган ҳолда баёнот берди. Самолёт 20 январь куни кечқурун Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасига яқин ҳудудда қулаб тушган эди.

Хабарда айтилишича, тирик топилганлар турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Яна икки кишининг тақдири ҳозирча номаълум қолмоқда. Afghanistan International телеканалининг хабар беришича, самолёт қулаганидан сўнг, бортдагилардан бири энг яқин аҳоли пунктига етиб борган ва ёрдам сўраган.

ТАССнинг хабар беришича, самолёт қулашига, дастлабки маълумотларга қараганда, иккита двигателнинг ишдан чиққани сабаб бўлган.

“Настояшчее время” телеканалининг билдиришича, самолёт бортида волгодонсклик тадбиркорлар Анна ва Анатолий Евсюковлар бўлгани тўғрисида маълумот бор.

Улар Таиландда дам олаётганида Анна Евсюкованинг соғлиғи ёмонлашган. Анатолий Евсюков хотинини Россияга олиб кетиш учун хусусий самолёт чақиртирган. Таиланддан учган самолёт дастлаб Ҳиндистоннинг Гоасида ёнилғи қуйган ва иккинчи марта ёнилғи қуйиш учун Тошкентда тўхташи лозим эди.