Санэпидқўмита: Маймунчечакнинг Ўзбекистонга кириб келиши эҳтимоли кам

Ўзбекистонда аҳолининг аксарият қисмида маймунчечакка қарши жамоавий иммунитет мавжуд. Бу иддао Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига тегишли.

Қўмита томонидан 22 август куни тарқатилган баёнотда маймунчечакнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши эҳтимоли жуда камлиги, чунки касаллик қайд этилаётган Европа мамлакатларида беморлар ва мулоқотда бўлганларга нисбатан алоҳидалаш чоралари олиб борилаётгани, эпидемияга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар эса тўлиқ самара бераётгани қайд этилган.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган 1980 йилдан аввал туғилган катта ёшдагилар чечак (халқ тилида чин чечак) касаллигига қарши тўлиқ эмланган. Aйнан шу қатламда жамоавий иммунитет мавжуд, боиси чин чечакка қарши эмлашдан кейин ҳосил бўлган иммунитет маймун чечагига қарши ҳам ишлайди ва касалликнинг кенг тарқалиш хавфини пасайтиради”, дейилган қўмита баёнотида.

Маймунчечакнинг COVID-19 пандемияси даражасида глобал муаммо туғдирмаслиги урғуланган хабарномада айни пайтда касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатор тавсиялар ҳам берилган.

Маймунчечак бўйича эпидемиологик ҳолат яхши бўлмаган мамлакатларга сафар қилмай туриш, иш юзасидан хизмат сафарига борилган тақдирда ҳам ёввойи ҳайвонлар ва кемирувчилар (маймунлар, каламушлар) билан мулоқотда бўлмаслик, жамоат жойларида шахсий гигиена тартибига қатъий риоя қилиш, тана ҳарорати кўтарилган ёки тошмалар тошган йўловчилар билан бирга ҳаракатланишга тўғри келганда имкон қадар ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқоблардан фойдаланиш ҳамда қўлларни зарарсизлантирувчи воситалар билан ишлов бериш ва шу кабилар шулар жумласидандир.