Санэпидқўмита ўзбекистонликларни ҳалокатли хасталикдан огоҳлантирди

Эпидемиологлар таъкидича, Марбург геморрагик иситмаси манбаи кўршапалаклар бўлиб ҳисобланади (иллюстратив сурат)

Африканинг Руанда давлатида Марбург геморрагик иситмаси қайд этилгани ортидан Ўзбекистон Санитария-эпидемиология қўмитаси ватандошларни эҳтиёт чораларни кўришга чақирди.

Ушбу хасталикда ўлим даражаси 90 фоизга тенг экани айтилади.

Марбург иситмасининг манбаи кўршапалаклар ҳисобланиб, улардан касаллик соғлом одамларга юқиши мумкин. Инфекцияга чалинган беморлардан ажраладиган биологик суюқликлар (қон, тупук, пешоб) билан бевосита алоқа қилиш, шунингдек, турли жисмлар юзалари орқали ҳам фаол тарқалиши мумкин”, дейилган хабарномада.

Қўмита огоҳлантиришига кўра, касаллик белгилари тўсатдан бошланади ва беморда юқори тана ҳарорати, кучли бош оғриғи, безовталик, мушакларда оғриқ, диарея, кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳолатлари кузатилади. Касалликнинг бешинчи кунида кўкрак, орқа ва қорин бўшлиғида қонталаш тошмалар пайдо бўлиши мумкин.

Санэпидқўмита геморрагик иситма касаллигига гумон қилинган беморлар аниқланганда уни зудлик билан иҳоталаб, тиббиёт ходимларга мурожаат қилиш, беморнинг қони, тана суюқликлари ва ифлосланган юзаларга тегмаслик кераклигини эслатган.

Инфекция хуружи эҳтимоли сабаб маҳаллий ҳайвонларнинг чала пиширилган гўштини истеъмол қилмаслик, кўршапалаклар яшайдиган ғорларга бормаслик уқтирилган.