Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгармаган тақдирда баҳорги таътил муддати узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Нурмат Отабеков билдирган.
Тошкент шаҳрининг айрим туманларидаги мактаблар таълими ўтган ҳафтадан бошлаб онлайн тартибга ўтказилганини эслатган мулозим ҳозирда баҳорги таътил давом этаётгани ҳамда таътил якунига қадар масъуллар касаллик тарқалиш занжирини узишга муваффақ бўлишни режалаётганини қайд этган.
“Мабодо вазият ижобий томонга ўзгармаса, таътиллар муддатини узайтириш масаласини ўйлаб кўрамиз”, деган Н. Отабеков.
Санэпидхизмат масъули Ўзбекистонда ҳали карантин бекор қилингани йўқлиги, энг муҳим ва бирламчи ҳимоя усуллари ҳамон амалда эканини урғулаган.
“Шунчаки биз ўзимизни жуда бўш қўйиб юбордик, коронавирус ҳамон ёнимизда эканлигини унутдик, ўзимизни гўё касалликдан қутилгандек тута бошладик. Бу эса натижасини бермай қолмади – касалликка чалиниш ҳоллари кўпая бошлади. Шу пайтда махсус комиссия қарорига биноан эпидемик вазият мураккаблаша бошлаган Тошкент шаҳрида карантин чоралари яна бир бор эслатиб қўйилди. Бу эслатмаларни ўтган йилгидек қатъий карантинга қайтиш деб баҳолаш ноўрин”, деган Нурмат Отабеков.
Мулозим бугунги кунда карантин қоидаларини ўтган йилдагидек қатъий ва кескин даражада қайта тиклашга бирор асос йўқлигини қўшимча қилган. Унга кўра, сўнгги пайтларда касалланиш кўрсаткичлари бироз юқорилаган бўлса ҳам, бу карантин чекловларини кучайтиришга асос бўладиган даражада эмас.