Беларусь санкциялар рўйхатига тушган айрим товарларни Ўзбекистондан сотиб олиш ниятида. Бу ҳақда Беларусь бош вазири Роман Головченко, ТАСС хабарига кўра, ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан Тошкентда ўтказган учрашувида билдирган.
“Беларусь айниқса ҳозирги пайтда, коллектив Ғарб томонидан киритилган муайян чекловлар шароитида [Ўзбекистондан товар импорти ошишидан] манфаатдор. Биз Ўзбекистон товарлари [Беларусга] етказилиши оширилишига тайёрмиз”, деган жумладан Головченко.
Беларусь бош вазири бу ерда гап биринчи ўринда йигирилган ип, металл, озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавотлар ҳақида кетаётгани айтган. Унга кўра, Беларусда мазкур товарларга талаб юқори ва барқарордир.
Головоченко 2017 йилдан буён Беларусь билан Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси беш баробар кўпайганини урғулаган.
Қайд этилишича, 2021 йилда икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 301,9 миллион долларга тенг бўлган, бу эса 2020 йилдагига солиштирганда 7,8 фоизга кўпдир.
Беларусда 2020 йил августидаги президент сайловидан сўнг Лукашенко режимидан норозиларга қарши репрессиялар бошланиб кетгани ортидан Ғарб мамлакатлари Минскка қарши санкциялар жорий этган. Бу санкциялар Беларусь Россиянинг Украинага бостириб киришида кўмаклашгани важидан янада кучайтирилган.