Ўзбекистонда 30-65 ёшдаги аёллар ҳар икки йилда тиббий кўрикдан ўтказилади ва онкологик касалликка чалингани аниқланган беморларни ташхислаш, даволаш билан боғлиқ харажатлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 22 ноябрь куни имзоланган “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда тиббиётнинг бирламчи бўғинидаёқ мазкур ёш гуруҳига мансуб аёлларнинг электрон базасини шакллантириш вазифаси белгиланган.
Шунингдек, президент қарорига мувофиқ, ҳар йили 30-50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги ўтказилади.
2025 йил 1 январидан бошлаб:
• онконазорат хоналари учун акушер-гинеколог шифокор ҳамда мобил ва стационар маммографлар ишини иккита сменада ташкил этиш учун рентген-лаборантлар штатлари жорий этилади;
• маммография тасвирини ўқиш маркази ташкил этилади;
• одам папиллома вируси диагностикаси учун қўлланадиган тест тизимлари сифатини назорат қилиш бўйича референс-лаборатория фаолияти йўлга қўйилади;
• бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингига нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб қилинади.
2025 йил 1 майига қадар эса бачадон бўйни саратони скрининги ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш сифатини баҳолаш ва мониторинг қилиб бориш ҳамда скрининг дастурига киритилган аёллар билан қайта алоқа қилиш тизимлари жорий этилади.
Таҳлилларга кўра, жами онкологик касалликларнинг ўртача 20-25 фоизи аёллардаги кўкрак бези ва бачадон саратонига тўғри келади.
Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ҳар йили 1600 нафарга яқин аёл бачадон бўйни саратони ташхиси билан рўйхатга олинади, 600 га яқин аёл ундан вафот этади.
Кўкрак бези саратони ҳам саратоннинг аёлларда энг кенг тарқалган шаклидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, биргина 2020 йилда Ўзбекистонда 4454 та янги касаллик қайд этилган ва 2067 нафар аёл ушбу касалликдан вафот этган.