Мутахассислар: Сардобадаги фалокат сабабчиси шамол эмас¸ қурилишлардаги даҳшатли ўғриликлардир!

Сардоба сув омборидаги тўғоннинг ўпирилиши ортидан аҳоли уйлари¸ экин ерлари ва инфратузилмага етказилган зиëннинг ўнлаб миллион долларни ташкил этиши тахмин этилмоқда.

1 май куни эрта тонгда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилди ва атрофдаги аҳоли уйлари¸ экин ерларини сув босди.

Бу Бош вазир Шавкат Мирзиëев ташаббуси билан бошланиб¸ у президент бўлганидан сўнг тугалланган мамлакатдаги илк йирик сув иншоотидир.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра¸ сув омборига яқин маҳаллаларда карантинда яшаб турган 12 мингга яқин аҳоли фалокат ортидан ўз уй-жойини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Ҳозирча бу фалокатнинг давлат ва халққа еткизган молиявий зиëни ҳақида рақамлар йўқ. Воқеа юзасидан ҳукумат комиссияси иш бошлади.

Эксплуатацияга топширилганидан уч йил ҳам ўтмай ўпирилган¸ давлат ва халққа миллионлаб доллар зарар еткизган бу фалокат учун ким масъул? Жавобгарлар жазога тортиладими?

1 май куни аксар ўзбекистонликлар ана шу саволларни кун тартибига қўя бошлади.

Фалокат рўй бериши билан Озодликка боғланган Сардоба сув омбори қурилишига алоқадор мутахассислар ва мулозимлар Сардоба тўғонининг ўпирилишига кучли шамол эмас¸ балки унинг қурилишидаги ўғриликлар¸ жиноий малакасизлик сабаб эканини таъкидлади.

Бундай фикрларга муносабат билдирган Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги бошқармаси бошлиғи Шарифжон Қўчқоров¸ иш бошлаган ҳукумат комиссиясининг бундай саволларга “адолатли жавоб” топишини билдирди.

Сардобада нима бўлди? Расмий жавоб

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлигининг омборлардаги сув вазиятини мониторинг қилиш билан шуғулланувчи бошқармаси раҳбари Шарифжон Қўчқоров Озодлик билан суҳбатда¸ дастлабки кузатишларга кўра¸ тўсатдан юзага келган “аномал ўрама шамол” оқибатида дамбанинг қуйи қисмлари емирилгани тахмин қилинаëтганини билдирди.

- Қаттиқ шамол орқасидан кучли тўлқин бўлган. Дамбанинг баландлиги энг баланд жойда 32 метр¸ энг пасти 18 метр. Пастки қисми кучли тўлқинда емирилиб¸ ювилиб тушган. Охирги икки уч кундаги кучли шамол дамбани ювиб¸ емирилишига сабаб бўлган¸ деб тахмин қиляпмиз. Ўзи об-ҳавонинг шамолли ва ëмғирли келгани учун¸ кейинги уч-тўрт кундан бери сув омборлари 24 соатлик кузатувда эди¸ деди вазирлик расмийси.

Кузатувда бўлганига қарамай¸ нима учун Сардоба омборидаги фалокат олди олинмагани ҳақидаги саволга вазирлик мулозими шамол кучининг "аномал"лиги билан жавоб қайтаришга уринди.

Сардобада нима бўлди? Норасмий жавоб

Сардобадаги фалокат хабари ортидан Озодликка боғланаëтган Ўзбекистон ҳукуматининг турли тизимларида ишловчи мулозимлар¸ қолаверса¸ қурилиш¸ хусусан¸ сув омборлари бўйича мутахассислар фожианинг асл сабаби қурилиш соҳасидаги даҳшатли коррупция¸ монополия ва ўғриликлар эканини иддао қилмоқда.

"Биз билгандик¸ биз кутгандик шунақа фожианинг эртами-кеч содир бўлишини"¸ деб ëзди Озодликка боғланган аксар мутахассислар.

Қурилиш иншоотларида ўғрилик қилинмаса¸ смета бўйича қурилса¸ тўғон битта шамолда қуламайди. Иккинчиси¸ уни қурганлар афсонавий бойиб кетмайди. Омбор қурилиши объëми жуда катта¸ миллионлаб долларлик лойиҳа бу. Бу пулнинг 20-30 фоизи чўнтагига қолмаса¸ қурилиш компанияси уйидан чиқиб¸ чўлга қадам босмайди. Ўғрилик схемаси жуда содда. Масалан¸ омбор ҳудудининг 1000 куб метр қум олиб келиб трамбовка қилиниши керак жойига¸ 500 куб беради. Дамба учун ишлатиладиган шағал борми¸ бетон борми¸ худди шундай. Масалан¸ мен қурувчиман¸ шағал заводи билан шартнома тузаман¸ дейлик 1000 куб шағалга қоғозда 10000 минг доллар¸ деб. Мен 500 куб оламан по факту¸ қоғозда 10 000 ўтказаман. Лекин шағалчи менга 5000 долларини нақд қилиб қайтиб беради. Бу откат. Бутун қурилишда айни схема. Дом бўладими¸ метро бўладими¸ сув омборими¸ ҳаммасида бир хил. Энди сиз сув омборидаги пул объëмини ҳисоблаб кўринг ва уни қурганларнинг яшашини бориб кўринг. Омбордан ўғирланган пулларнинг қаерга кетганини билиб оласиз”.

Сардоба сув омбори қурилишини кузатган сирдарëликлардан бири ҳам ўзи гувоҳ бўлган воқеаларга асосланиб¸ 1 май кунги фалокатнинг асл сабаби қурилишдаги ўғриликлар эканини таъкидлайди.

Бу сув омбори қурилишида қатнашмаганмиз, лекин у ерга ташилган шағал, тош режада кўрсатилганидан анча камлигини яхши биламиз. Сабаб¸ қурилиш вақтида тош, шағал ташиган машиналар қўшни қишлоқларга сотиб кетишарди. Левий қилиш биз ўзбеклар учун одатий ҳолат. Чизмада ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинган бўлиши керак. Лекин амалда ўзбекча бўлади. Солярка, шағал, тош сотилади кунлик бажарилмаган ишлар бажарилди қилиб қоғозда кўрсатилади. Чимқўрғон ҚФЙ ҳудудида ҳам сув омбори қуриляпти. У ерда ҳам шу аҳвол, жиззахликлар билан солярка бизнеси авжида. Икки йилда неча юзлаб тонна ёқилғи сотилиб кетган¸ Худо билади. Маҳаллий аҳоли қўрқувда, ваҳимада. Охири яхшилик билан тугасин. Биз ўзбекларга эшакни ҳам ишониб топширмаслик керак¸ уни ҳам абзалини оғдириб қўяди”¸ деб ëзди сардобаликлардан бири.

Сардобани ким қурган?

Озодликка маълум бўлишича¸ Сардоба сув омборининг бош буюртмачиси “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясига қарашли “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонасининг гидротехник иншоотларини қуриш дирекциясидир. Айни пайтда¸ бу дирекция қурилиш ишига субпудратчи ширкатларни ëллаган.

Озодлик билан бир-биридан мустақил ҳолда гаплашган қурилиш соҳасига алоқадор мулозимлар Сардоба сув омборининг бош қурувчиси “Тўпаланг-гидро қурилиш” деб номланган МЧЖ эканини билдирди.

Бу хусусий қурувчи ширкат эса¸ Озодлик манбалари таъкидича¸ Ўзбекгидроэнерго АЖ бошқаруви раиси¸ сенатор Абдуғани Сангиновга қарашли.

Ўзбекистонда сув омборларини фақатгина Сангинов Абдуғанига тегишли ташкилот қуради. Бу унинг монополияси. "Тўпалангстрой” 80-йиллар охирида Сурхондарёда ташкил топган. Сангинов Сурхондарёнинг Сариосиё туманидан. Унда 1500-2000 одам ишлайди. Ҳамма сув иншоотларини “Тўпаланг қурилиш ташкилоти” қуради. Налогни бекитиш учун¸ қолган МЧЖларга ўхшаб¸ ҳар уч йилда номини ўзгартиради. Қурилишга лизинг асосида катта техникаларни ижарага бериш ҳам Сангиновнинг ўғилларига тегишли компаниялар қўлида. Номи ҳар хил¸ лекин ҳаммасининг асл эгаси битта. Сардоба сув омборини “Ўзбекистон темир йўллари”нинг бу қурилиш тугаган 2017 йилдаги раҳбари¸ ҳозирги Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов қабул қилиб олган. Ўзбекистондаги қайсики қурилишга қараманг¸ у ерда Раматовнинг қўли бор” ¸ деди Сардоба сув омбори қурилиши жараëнига билвосита алоқадор мулозимлардан бири.

Озодлик билан суҳбат асносида Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги мулозими Сардоба омборининг бош пудратчиси айнан “Ўзбекистон темир йўллари”га тегишли компания экани¸ унинг субпудратчилари орасида эса¸ “Тўпалангқурилиш” ташкилоти борлигини тасдиқлади.

“Йирик иншоотлар қурилиши тендерсиз жараëн”

Озодлик гаплашган Ўзбекистондаги қурилиш соҳасига бевосита алоқадор мулозим ва мутахассислар мамлакатда амалга оширилаëтган каттаю кичик қурилиш лойиҳалари учун номигагина тендер ўтказилиши¸ кўп ҳолларда эса¸ ҳукумат қарори билан¸ қурилишнинг тендерсиз танланган компанияларга берилишини айтади.

Йирик қурилишлар¸ хусусан¸ Сардобага ўхшаган миллионлаб долларлик лойиҳалар тепадагиларнинг ўзидан ортмайди¸ бегона олмоқчи бўлса¸ откати камида 40 фоиз бўлади”¸ дейди бу қурилишларга алоқадор муҳандислардан бири.

Шунчаки маъмуриятчилик учун ўтказиладиган тендерга битта каттаконнинг уч хил номдаги компанияси қўйилади. Улардан биттаси гўëки ютиб чиқади. Қоғозда тендер бор¸ бир нечта ширкат қатнашган. Аслида эса¸ ҳеч қандай тендер йўқ. Тендерни берувчиларнинг ë ўзи¸ ëки қуда-андаси олдиндан олиб бўлган.Бу гап ëлғон бўлса¸ қани¸ очишсин Сардоба омбори қурилишига оид ҳамма ҳужжатларни¸ кўрайлик¸ қайси ширкатнинг қайси тендер асосида танлангани¸ бу ширкатларнинг эгалари кимлигини”¸ дейди Ўзбекистондаги қурилиш соҳасининг даҳшатли коррупция исканжасида эканини қайта-қайта таъкидлаган муҳандис.

Сардобадаги фалокат учун ким жавоб беради?

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича¸ 1 май куни Сардобадаги фалокат юзасидан ҳукумат комиссияси тузилган. Ҳозирча комиссия таркиби эълон қилинмади.

Бу комиссия Сардобадаги фалокат сабабларини ўрганишни бошлар-бошламас¸ Озодлик боғланган мутахассислар¸ унинг фожианинг асл сабабчисини аниқлаб¸ жазога тортишига ишонмаслигини билдирди.

«Яна Юнусобод метросидаги ўпирилишдан кейинги ҳолат айнан такрорланади. Метрони мардикор ва темир йўлчиларга мажбурлаб текин ëки сувтекинга қурдирган Раматов эди. Юнусобод метросидаги фожиа сабабларини ўрганиш учун тузилган ҳукумат комиссиясига яна Раматовнинг ўзи раис бўлди. Бир-иккита қурувчи хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилмади¸ деб қандайдир жаримага тортилгандир¸ лекин асосий айбдорлар ҳалиям мансабида ўтирипти. Сардоба ҳам худди шундай бўлади. Ҳукумат комиссиясига бу фалокатнинг бош сабабчиларининг ўзи киради ва ҳамма нарсани “табиий офатга тўнкаб”¸ сувдан қуруқ чиқиб кетишади”¸ дейди қурилиш соҳасида муозимларидан бири.

Мавзуга алоқадор Тошкент метроси қурилишидаги фожиа юзасидан комиссия хулосаси эълон қилинди

Озодлик гаплашган қурилиш муҳандиси эса¸ агар президент фожианинг асл сабабини очиқламоқчи бўлса¸ бу қурилишнинг бошидан охиригача бўлган жараëн юзасидан жиноят иши қўзғатишга буйруқ бериши кераклигини айтади.

"Тендердан бошлашсин. Асосийси¸ омбор қурилишининг технадзорини ким қилган¸ қандай қилган¸ кўтарсин ҳамма ҳужжатларни. Жавобгарликни ана шулардан бошлаш керак. Давлат буюртмачи бўлган объектлардаги давлат манфаатини технадзорчилар ҳимоя қилиши керак. Булар қурилишнинг тепасида туриши керак¸ ҳамма нарсани ипидан игнасигача текшириши керак. Проект бўйича қурилаëтган-қурилмаëтганини шулар назорат қилиши керак. Фото¸ видео фиксация қилиб бориши керак. Акс ҳолда¸ икки метрлик бетон қуйдим деб¸ 1¸5 метрини ахлат билан тўлдириб кетавериши мумкин қурувчи. Қурувчининг ишини технадзор кузатади. Ана ундан кейин¸ бу қурилишни қабул қилиб олган махсус комиссия жавоб берсин. Қандай текширди¸ қандай асосда иншоотни қабул қилиб олди”.

Айни пайтда бу мутахассис ҳам энг қуйидан энг тепагача битта коррупция занжирига уланган бу жиноятларнинг фош бўлиш ва жазоланишига ишонмаслигини қўшимча қилади.

Ҳукумат комиссиясига кирадиганларнинг ҳам бола-чақаси бор. Уларнинг болалари¸ бизникидан фарқли¸ Англия¸ Америка¸ Швейцарияда ўқийди. Уларга ҳам пул керак. Жуда катта пул керак.. Улар ҳам сотиб олинади. Риск того стоит. 10 минг доллар эмас¸ миллионлаб доллар ҳақида гап боряпти. Қурилишни берган ҳам¸ қурган ҳам¸ уни қабул қилиб олган ҳам ўзлари. Улар бир-бирини страховка қилади. Вазирлар¸ ҳокимлар¸ прокурорлар бир-бирига қариндош¸ қуда. Ўртада қон ютиб яна уйидан¸ ерию экин-тикинидан ажраган ночор халқ қолаверади“.

Сардоба сув омборидаги фалокат ортидан кучайиб кетган танқид ва эътирозлар¸ хусусан¸ фалокатнинг асл сабабчиларининг жазосиз қолиши ҳақидаги эҳтимолга муносабат билдирган Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги расмийси Шарифжон Қўчқоров¸ бундай тушкунликка асос йўқлигини билдирди.

- Ҳамма айбни кучли шамолга тўнкаб¸ айбдорлар жазосиз қолади¸ деган гапларда асос йўқ. Ҳукумат комиссияси¸ албатта¸ сабабларни яхшилаб ўрганиб¸ ўз адолатли хулосасини беради¸ деди Тошкент мулозими.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги бошқармаси бошлиғи Шарифжон Қўчқоров билан суҳбат


Сиз бевосита Сардоба сув омбори қурилишида ишлаганмисиз¸ унинг қандай қурилганидан хабарингиз борми? Йўқса¸ сув омбори яқинида яшаганлардан бўлсангиз¸ бу фалокат сиз ва оилангиз ҳаëтига қандай таъсир кўрсатди? Бу ҳақда Озодликнинг @ozodnews Telegram каналига ëзиб юборинг. Telegram рақамимиз +420724971539 . Шахсингиз¸ истасангиз¸ сир тутилади.