Товламачиликда айбланиб 6,5 йилга қамалган блогер Отабек Сатторий шу йил апрелида озодликка чиқарилиши кутилмоқда.
Бу ҳақда шу йилнинг 13 январь куни Қаршидаги манзил колонияда Сатторий билан учрашган инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Ташановнинг Озодликка айтишича, Сатторий 2021 йил майида суд ўзига нисбатан чиқарган ҳукмдан норози, аммо қайта шикоят қилиш нияти йўқ.
Ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, халқаро матбуот ва ҳуқуқ ташкилотлари блогерлик фаолияти учун қамалган деб ишонадиган Сатторий озодликка чиққанидан сўнг "блогерлик фаолиятини давом эттирмоқчи эмас".
42 яшар Сатторий буни "тинчгина яшаш ва келажакда IT соҳасини эгаллаш" режаси билан тушунтирган.
"Ҳужжатларимни ёқиб юборганман, энди блогерлик қилмайман, деди Отабек”, дея Сатторийнинг сўзларидан иқтибос келтирди Ташанов.
Ташановнинг сўзларига кўра, блогер қамоқхонадаги шароитлар ва соғлигидан шикоят қилмаган ва озодликка чиқиш учун "кун санаётгани"ни айтган. Ҳуқуқ фаолининг айтишича, Сатторий жазони ўтаётган манзил колония раҳбари унинг апрел ойи охирида озодликка чиқарилишини тасдиқлаган. Сатторий ўтган йил ноябрида Навоийдаги умумий тартибли қамоқхонадан Қаршидаги манзил колонияга чиқарилганди.
Ташанов маҳкум билан бемалол мулоқот қилгани, учрашув жараёнида колония маъмурияти уларнинг бирон мавзуни муҳокама қилишига тўсқинлик қилмаганини айтмоқда.
Отабек Сатторий 2021 йилнинг 10 майида жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Музработ тумани суди ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг туҳмат, ҳақорат ва товламачилик моддалари билан 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Сатторий Ўзбекистон ҳукумати очиқлик сиёсати даври деб иддао қиладиган Мирзиёевнинг биринчи президентлик муддати чоғида қамоққа ташланганилк блогерлардан бири.
Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Сатторийнинг қамалиши Ўзбекистондаги коррупциянинг ҳосиласи эканига урғу бериб, унинг касбий профессионал фаолияти зўравонлик йўли билан тўхтатилганини айтган.
Сатторий ижтимоий тармоқларда маҳаллий ҳокимият идораларидаги коррупцияни танқид қилувчи чиқишлари билан танилган.
Яқинларига кўра, журналистик суриштирувлар даврида Сатторийнинг телефон аппарати синдириб ташланган ва уни янги телефон олиб бериш баҳонаси билан товламачиликда айблаб, ҳибсга олишган.
Тажимуратов яна қийноқлар ҳақида гапирди
“Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов бир кун аввал Навоийдаги 5-сонли колонияда 2022 йил июлидаги Қорақалпоғистон воқеаларида айбланиб 16 йилга озодликдан маҳрум этилган Даулетмурат Тажимуратов билан ҳам учрашган.
Ташановнинг сўзларига кўра, Тажимуротов тергов жараёнида ўзига нисбатан жисмоний қийноқлар қўллангани ҳақида гапирган. У шунингдек, ўзига хат ва бандеролларнинг кечикиб келаётганидан шикоят қилган.
“Декабрнинг 25-чисида уни жазони ижро этиш муассасаси тартибини бузганликда айблашибди. У ўзига хат ва бандеролларнинг кечикиб келаётганидан, ўзининг хатлари ташқарига чиқиши қийин бўлаётганидан шикоят қилди”, дейди Ташанов.
Унинг сўзларига кўра, журналист ва ҳуқуқшунос бўлган қорақалпоқ фаоли колонияда маҳкумларнинг яқинлари билан учрашувлар даврида назорат ҳаддан ташқари кучли эканини айтиб, бу маҳкумлар ҳуқуқларининг бузилиши эканини таъкидлаган. У шунингдек, қамоқхона маъмуриятига маҳкумлар шароитларини яхшилаш бўйича таклифлар бераётганини айтган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Абдураҳмон Ташанов қорақалпоқ фаоли ўзига нисбатан қийноқлар тергов даврида бўлганини таъкидлагани, қамоқхонада қийноқ қўлланганидан шикоят қилмаганнии айтмоқда.
Унинг сўзларига кўра, маҳкум билан учрашувни ташкил қилган Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти Тажимуратов билан алоҳида учрашувга имкон берган, учрашувда колония ёки ЖИЭД вакиллари иштирок этмаган.
“Сатторий ҳам, Тожимуратов ҳам ўзини қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирди", дейди "Эзгулик" жамияти раҳбари.
44 яшар Даулетмурат Тожимуратов адвокат ҳамда «Эл хызметинде» газетаси муҳаррир бўлган. 2023 йилнинг 31 январида жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди ҳукми билан ЖКнинг конституциявий тузумга тажовуз қилиш, растарата ва ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, жиноий даромадларни легаллаштириш ҳамда жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни сақлаш, тарқатишда айбланиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Ўтган йил сентябрида Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров Навоийдаги қамоқхона маъмурияти Тажимуратовга муносиб тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортаётгани ва мижози ташқи дунёдан узиб қўйилганини айтган эди.
2023 йил 18 сентябрь куни қамоқхонада Тажимуратов билан кўришган адвокати унинг бир кишилик камерада сақланаётганини айтган.
Аввалроқ Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини қамоқдаги Тажимуратовнинг хавфсизлигини таъминлашга чақирган.
"Ўзбекистон ҳукумати Тажимуратов ҳибсда зарар кўрмаслигини ва бошқалардан ноқонуний равишда ажратилмаслигини таъминлаши керак. Унинг ягона "айби" Конституцияга [Тошкент томонидан] таклиф қилинган, агар қабул қилинса, Қорақалпоғистонни суверен мақомидан маҳрум қиладиган тузатишларга қарши тинч намойиш қилишга чақирганидир”, деб айтган ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Ритман.
Нукус воқеалари деб ном олган норозилик чиқишлари ўтган йилнинг июль ойи бошида Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши бошланиб кетган эди. 1 ва 2 июль кунлари кузатилган норозиликлар чоғида, расмийларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.
Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.
АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.