Саудия Арабистонида Нура бинт Саид ал-Қаҳтоний исмли аёл 45 йилга озодликдан маҳрум этилди. Associated Press агентлигининг ёзишича, аёлга бу каби оғир жазо интернетда ўз фикрларини баён қилгани учун берилган. Айблов хулосасига кўра, у ижтимоий тармоқлардаги ўз постлари билан “жамиятдаги бирликка путур етказган” ва “ахборот тармоғи орқали жамоат тартибини ҳақоратлаган”.
Ал-Қаҳтонийнинг ҳибсга олинганига қарийб 14 ой (2021 йилнинг 4 июли) бўлган. Иш асосан миллий хавфсизлик ва террорчиликка оид ишлар кўриладиган махсус суд томонидан кўриб чиқилмоқда.
Аёл ижтимоий тармоқларда нима деб ёзгани очиқланган эмас. Унинг ёши ва таржимаи ҳоли тўғрисида ҳам бирор маълумот йўқ.
“Араб дунёси учун демократия” ташкилоти вакилларининг айтишларича, айблов хулосаси террорчилик ва кибержиноятчиликка қарши қонунларга асосланган ҳолда тузилган. Мазкур қонунлар жуда мужмал ёзилган бўлиб, уларни истаганча талқин қилиш мумкин.
Аввалроқ халқаро агентликлар Саудия Арабистонида 34 ёшли Салма аш-Шабоб 34 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар қилишган. У ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида ҳуқуқ фаоллари ва диссидентларнинг постларини кўчириб босгани учун қамалгани айтилган.