Саудия Арабистонидаги масжидларда овоз кучайтиргичларни пасайтириш буюрилди

RELIGION-RAMADAN/SAUDI

Душанба куни Саудия Арабистони Ислом ишлари вазири Абдулатиф ал-Шайх азон эшиттириладиган масжид карнайлари овозини пасайтириш ҳақида буйруқ берди. Вазирнинг сўзларига кўра, айрим оилалар бир-бири билан рақобат қилаётган радиокарнайлар ёш болалар ҳамда кексаларнинг оромини бузаётгани, уларни уйғотиб юбораётганидан шикоят қилган. Бу ҳақда “Рейтер” агентлиги хабар бермоқда.

“Намоз ўқимоқчи бўлганлар... имомнинг овозини кутишлари шарт эмас. Улар барвақт масжидда бўлишлари лозим”, – деди вазир.

У, айни чоқда, ибодатларни бир нечта телеканал эфирга узатишини қўшимча қилган.

Ўтган ҳафта Саудия ислом ишлари вазирлиги масжидлар маъмуриятига овоз кучайтиргичларни максимал баландликнинг учдан бир қисмидан юқори кўтармаслик ҳақида кўрсатма берган эди. Шунингдек, азон айтиб бўлингач, карнай ўчириб қўйилиши, яъни имомларнинг мавъизаси карнай орқали эшиттирилмаслиги керак.

Саудия Арабистонининг амалдаги ҳукмдори, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон диннинг жамият ҳаётидаги ўрнини ислоҳ қилишга бел боғлаган.

Янги кўрсатма подшоҳликдаги масжидларга қандай таъсир кўрсатгани борасида узил-кесил фикр айтишга ҳали эрта. Душанба куни “Рейтер” мухбири билан суҳбатлашган пойтахт Ар-Риёднинг тўрт нафар турғуни айрим масжидлар карнайлари овози бироз пасайганини айтди. Камида бир масжид имомининг ваъз-насиҳати олдингидай баланд овозда эшиттирилаётгани хабар қилинди.

Саудиялик айрим Twitter фойдаланувчилари ўз ҳудудларида шовқин камайганини мамнуният билан қабул қилди. Айримлар эса ибодатнинг фараҳбахш овозини соғинаётганлари ҳақида ёзишди.

“Қуръони каримни карнай орқали ўқиш бир неча кишини безовта қилаётгани учун тўхтатилган бўлса, умид қиламизки, ресторан ва бозорларда кўпчиликнинг тинчини бузаётган баланд мусиқага ҳам эътибор берилади”, – дея луқма қолдирди Муҳаммад ал-Яҳё исмли фойдаланувчи Twitter тармоғида.

Ислом ишлари вазири ал-Шайх айрим ғараз ниятли шахслар янги сиёсатга ишончсизлик уйғотиш мақсадида салбий руҳда хат-хабар ёзаётганини қайд этди.

“Подшоҳлик душманлари ўз хабарлари орқали жамоатчилик фикрини чалғитиш, давлат қарорларига шубҳа туғдириш ва пировардида миллий бирдамликни бузишни истайдилар”, – деб ҳисоблайди вазир.