ЦАХАЛ: Ғазога ёрдам етказилиши учун танаффус берилади

Ғазода вайронгарликлардан бири акс этган лавҳа (архив сурати)

Исроил армияси (ЦАХАЛ) тинч аҳолига етказилаётган ёрдам кўламини кенгайтириш учун Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларда гуманитар танаффуслар берилишини маълум қилди.

Жанговар ҳаракатларда танаффуслар “Керем-Шалом” назорат-ўтказиш масканидан Салоҳиддин шоссесига олиб чиқувчи, кейин эса сектор шимолига йўналувчи йўл бўйлаб соат 08:00 дан 19:00 гача давом этади.

Исроил армияси телеграм-каналида тарқатилган маълумотда гуманитар танаффус ҳақидаги қарор БМТ ва халқаро ташкилотлар билан қўшимча муҳокамалардан кейин қабул қилингани айтилган.

Айни пайтда исроиллик ҳарбийлар сектор жанубидаги Рафаҳ шаҳри жойлашган ҳудудда амалиёт давом эттирилишини айтишмоқда. 15 июнь куни Исроил армияси сезиларли даражада талафот кўрган – бронетранспортёр портлаши натижасида саккиз нафар ҳарбий ҳалок бўлган.

Жорий йилнинг 10 июнь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазода ўт очишни босқичма-босқич тўхтатиш ҳақидаги АҚШ резолюциясини қабул қилган. Режада ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) томонидан ўтган йилнинг 7 октябрида гаровга олинганларни озод қилиш, Исроил қўшинларини сектор ҳудудидан босқичма-босқич олиб чиқиб кетиш ва урушдан кейин халқаро назорат остида Ғазони қайта тиклаш кабилар кўзда тутилган.