Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш якунланди

Ўзбекистонда 9 июлга белгиланган муддатидан илгари президент сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни 5 июль куни якунланди. Муддатидан олдин овоз бериш 28 июнда бошланган эди.

Марказий сайлов комиссияси хабарномасида “сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга” экани қайд этилган.

Хабарномага мувофиқ, муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар амалга оширилган.

Марказий сайлов комиссиясининг қайд этишича, 1 июль ҳолатига кўра, 376 623 киши муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланган. Улардан 101 031 нафари хорижда овоз берган.

Марказий сайлов комиссияси сайловга 785 нафар халқаро кузатувчини 1299 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилини аккредитация қилган.

Жорий йилнинг 30 апрелида мухолифатсиз ўтган референдумда президент Мирзиёевга 2037 йилгача ёки 80 ёшгача ҳокимиятда қолиш имконини яратган янги таҳрирдаги конституция 90 фоиздан ортиқ овоз билан маъқулланганди. Унда президент муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган.

Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови кампанияси шу йилнинг 10 майидан бошланиб, номзодларни рўйхатга олиш 6 июнь куни якунланган.

Сайловда иштирок этиш учун Ўзбекистон Либерал-демократик партияси амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни, “Адолат” партияси Робахон Маҳмудовани, Халқ демократик партияси Улуғбек Иноятовни, Экологик партия эса Абдушукур Ҳамзаевни номзод ўлароқ кўрсатган.

Сайлов ўтказиладиган ойда 66 ёшни қаршилайдиган Шавкат Мирзиёев сўнгги бор 2021 йил октябрида 80 фоиздан кўпроқ овоз билан иккинчи 5 йиллик муддатга президент этиб сайланганди.