Сайловда Шавкат Мирзиёев ғалаба қилгани билдирилди

Ўзбекистонда 9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 87,05 фоиз овозини олиб, ғалаба қозонгани тўғрисида 10 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев маълум қилди.

МСК раиси брифингда сайловнинг дастлабки натижаларига таянган ҳолда Шавкат Мирзиёевни сайланган президент деб эълон қилди.

«Адолат» социал-демократик партиясидан номзод Робахон Маҳмудова 4,43 фоиз, ЎзХДП номзоди Улуғбек Иноятов 4,2 фоиз, Экологик партияси номзоди Абдушукур Хамзаев 3,74 фоиз овоз олган. Яроқсиз деб топилган бюллетенлар сони 0,78 фоиз.

Зайниддин Низомхўжаевга кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 19 миллион 593 минг 838 сайловчидан 15 миллион 651 минг 405 нафари, яъни 79,88 фоизи иштирок этган. Сайловда энг юқори фаоллик Жиззах вилоятида (85,28 фоиз), энг паст кўрсаткич Тошкент шаҳрида (72,97 фоиз) қайд этилган.

Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 4 декабрида ўтган президентлик сайловида 87,73 фоиз, 2021 йилнинг 24 октябридаги сайловда 80,12 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани билдирилган эди.

Президентлик сайловини кузатиш бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси Ўзбекистонда ўтказилган сайловларнинг бирортасини ҳолис, адолатли ва демократик деб баҳолаган эмас. Жумладан, ДИИҲБ 2021 йил 24 октябрда ўтказилган президент сайловида сиёсий рақобат бўлмагани, сайлов иштирокчилари орасида мазмунли мулоқот етишмагани, сайлов куни жиддий процессуал қоидабузарликлар кузатилгани, овоз бериш, овозларни санаш ва якуний жараёнларда сайловнинг муҳим жиҳатларига эътибор берилмаганини танқид қилган.

Жорий йилнинг 30 апрелида мухолифатсиз ўтган референдумда президент Мирзиёевга 2037 йилгача ёки 80 ёшгача ҳокимиятда қолиш имконини яратган янги таҳрирдаги конституция 90 фоиздан ортиқ овоз билан маъқулланганди. Унда президент муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган.