Шоир ва қизиқчидан тортиб эшак минган қишлоқликка қадар¸ Мирзиëевни тарғиб қилмоқда

Шавкат Мирзиëевни президентликка тарғиб қилувчи эшак минган одам видеосидан скриншот.

Кейинги 10 йил ичида Ўзбекистондаги видеотасвирда ишлатилишига норасмий тақиқ бўлган эшак минган одам образи президентликка номзод Шавкат Мирзиëев тарғиб қилинган видеороликда пайдо бўлди. Айни пайтда¸ қизиқчи Обид Асомовдан шоира Ҳалима Худойбердиевага қадар ижтимоий тармоқларда Мирзиëевни мақтамоқда.

Эшак минган қишлоқлик шаҳарликни мот қилди

Ижтимоий тармоқларда кенг тарқаëтган "эшак минган қишлоқлик билан Каптивадаги тошкентлик бойвачча" ҳақидаги ролик Шавкат Мирзиëевни номзод сифатида илгари сурган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидаги Озодлик манбасига кўра¸ бу ролик “расман буюртма берилмаган ҳаваскор видеочилар ижодидир”:

- Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сайлов штабида реклама- тарғибот бўлими ишлаяпти. Ўша ердан расман тасдиқдан ўтган реклама ва босма-полиграфия маҳсулотларини олиш мумкин. Лекин бу роликлар орасида эшак минган одам қатнашган ролик йўқ¸ деди бу манба.

"Ўзбекфильм" киностудиясида ишлайдиган декоратор Мирзоҳид Мирпўлатовга кўра¸ шу кунларда хусусий студияларда бир нечта сайловолди клип суратга олинган ва уларнинг ҳаммаси Шавкат Мирзиëев ҳақида:

- Биз буюртма бўйича суратга олиб¸ озвучка қилиб қўлига берамиз. Унинг намойиш қилинишига таъсиримиз йўқ. Сиз айтган эшак ва Каптива ҳайдовчиси иштирок қилган клип бизда олинмаган. Мана ўн йилча бўлди¸ кинокадрда эшак минган одам ëки эски уйларни кўрсатмаслик ҳақида тавсия бор¸ дейди бу суҳбатдош.

Озодлик суриштируви давомида эшак иштирокидаги Шавкат Мирзиëев сайловолди ролигининг асосан ижтимоий тармоқлар ва баъзи маҳаллий кабель телеканалларида намойиш қилингани аниқланди. Хусусан¸ бу видеороликнинг Сирдарë ва Бухородаги хусусий телеканалларда намойиш қилинган.

"Ўзбектелефильм" студияси реклама бўлимидаги Озодлик манбасига кўра¸ эшак минган қишлоқлик видеоролиги миллий телеканалларнинг бирортасида намойиш этилмаган:

- Марказий Сайлов комиссиясининг предписаниеси бор. Ким бўлишидан қатъий назар¸ барчага бир турда эфир бераяпмиз. Сиз айтган видеоклип эфир сеткасида йўқ¸ дейди манба.

Бошқа номзодлар "халқ меҳридан мосуво"

Тошкентлик декоратор Мирзоҳид Мирпўлатов¸ Шавкат Мирзиёев тарғиб қилинаëтган реклама ва роликларнинг ижтимоий тармоқларда оммалашиб кетганини ижтимоий фикрнинг Мирзиëевга мойиллиги билан изоҳлайди:

- Кўчаларда Мирзиёев сурати акс этган йирик баннерлар кўпайган. Бош вазирнинг мамлакат бўйлаб сафарлари, тез-тез ТВ орқали кўрсатилмоқда. Оддий суҳбатларда ҳам “Шавкат акага овоз берамиз” деган аҳд бор. Бирорта ҳазилкаш “Кетмоновга овоз берамиз¸ деса унга ўқрайиб қарашади. Сайлов натижаси ҳақида ҳамма олдиндан билади. Сайловчилар худди ресторанда 20 доллар бериб "Лаванда" қўшиғини заказ қилган хўранда каби ўтиришибди. Хўранда бир пасдан кейин "Лаванда" қўшиғи айтилишини билгани каби¸ сайловчилар ҳам Шавкат аканинг сайланишини билишади. Фақат 80 фоиз оладими¸ 90 фоиз оладими¸ дея кофе қуйқасига қараб фол очишмоқда¸ дейди Мирзоҳид Мирпўлатов.

Шоир¸ ҳофиз ва ҳажвчилар Мирзиëев норасмий рекламачиларининг олд сафида

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист¸ таниқли кулги устаси¸ кейинги 15 йил ичида норасмий тақиқ остида қолган Обид Асомов ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида видеомурожаат билан чиқиб¸ “Бизнинг авлод Мирзиëевга овоз беради” дея таъкидлади. Бу эстафетани Тоҳир Содиқовдан тортиб Озодбек Назарбековгача бўлган артистлар давом эттириб¸ ўз мухлисларини Мирзиëевга овоз беришга чорлашди.

Ўзбекистонлик таниқли шоира Ҳалима Худойбердиеванинг “Шавкатга” деган мадҳия шеъри эса маҳаллий матбуотда чоп қилинди.

"Ўзбекистон тоғларида Шавкат ўсди¸ шон ўсди"¸ деб бошланадиган бу шеър айни мавзудаги ўнлаб мадҳиялар қаторидан ўрин олди.

Шавкат Мирзиëевга овоз беришини айтган шоир¸ Рабиндранат Тагор мукофоти совриндори Муҳаммад Исмойил Озодлик билан суҳбатда ўз номзодининг катта романларга лойиқ эканлигини таъкидлади:

- Ҳалима опанинг шеърини мен ҳам саҳифамда жойладим. Юракдан чиққан шеър. Баъзи ҳаваскорлар ҳам Шавкат акага атаб мадҳиялар ëзаяпти. Менимча¸ халқнинг муҳаббатига чегара¸тўсиқ қўйиб бўлмайди. Халқ Шавкат акага чексиз муҳаббат қўйган¸ дейди суҳбатдош.

Танловсиз-танлов

Ижтимоий тармоқларда рус ва ўзбек тилларида тарқаган яна бир реклама ролигида¸ ëш тадбиркор йигит¸ чойсевар ўзбекистонликларнинг кўк чой ëки қора чойдан бирини танлаш каби қийин танлов олдида турганини айта туриб¸ энг яхшиси Шавкат Мирзиëев деб¸ унга овоз беришга даъват қилади.

"Ўзбекфильм" киностудиясида ишлайдиган декоратор Мирзоҳид Мирпўлатовнинг айтишича¸ бу каби роликларда акс этган танлов¸ аслида реал сайловларда йўқ:

- Мирзиëев ҳақидаги ролик қаҳрамони танлов ҳақида гапириб¸ кўк чой ëки қора чойни танлаймиз¸ дейди. Ëки Маша ëки Дашани танлаймиз¸ дейди. Одам ҳаëтда кўк ëки қора чойни танлаши мумкин. Бу сайловда эса танлов йўқ. Битта одам раҳбар бўлишига рози бўласиз. Имом келиндан сўрайдику¸ фалончига танмаҳрам бўласизми деб. Ўзи ҳаммаси ҳал бўлган¸ элга ош берилган¸ кечқурунги базмга меҳмонлар келаяпти¸ сарпо-суруқ машинага ортилган. Ирими учун келиндан сўралаяпти. Келиннинг ҳа дейиши эса олдиндан маълум. Бу галги сайлов ҳам худди шундай¸ дейди суҳбатдош.

4 декабрь кунги сайловда либерал-демократлар номзоди Шавкат Мирзиёевдан ташқари Ўзбекистондаги мавжуд яна уч сиёсий партия раҳбари ҳам иштирок этади.

Номзодлардан биронтасининг ўз сайловолди дастури ëки рекламаларида амалдаги ҳукумат ва "рақиб" номзодларни танқид қилгани кузатилмади.