Марказий сайлов комиссияси навбатдаги йиғилишида Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЕХҲТ ДИИҲБ, Бутун жаҳон сайлов органлари ассоциацияси, МДҲ, Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси каби ташкилотлар ҳамда бир қатор хорижий давлатлардан жами 401 нафар кузатувчини аккредитация қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Дунё” агентлиги маълум қилди.
Хабарда таъкидланишича, бу билан президент сайловига қатнашадиган халқаро кузатувчилар умумий сони 785 нафарни, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари умумий сони 1299 нафарни ташкил этди.
Ўзбекистонда 9 июлда муддатидан илгари президент сайлови бўлиб ўтади.
Жорий йилнинг 30 апрелида мухолифатсиз ўтган референдумда президент Мирзиёевга 2037 йилгача ёки 80 ёшгача ҳокимиятда қолиш имконини яратган янги таҳрирдаги конституция 90 фоиздан ортиқ овоз билан маъқулланганди. Унда президент муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган.
Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови кампанияси шу йилнинг 10 майидан бошланиб, номзодларни рўйхатга олиш 6 июнь куни якунланган.
Сайловда иштирок этиш учун Ўзбекистон Либерал-демократик партияси амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни, “Адолат” партияси Робахон Маҳмудовани, Халқ демократик партияси Улуғбек Иноятовни, Экологик партия эса Абдушукур Ҳамзаевни номзод ўлароқ кўрсатган.
Президентлик сайловини кузатиш бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси Ўзбекистонда ўтказилган сайловларнинг бирортасини ҳолис, адолатли ва демократик деб баҳолаган эмас. Жумладан, ДИИҲБ 2021 йил 24 октябрда ўтказилган президент сайловида сиёсий рақобат бўлмагани, сайлов иштирокчилари орасида мазмунли мулоқот етишмагани, сайлов куни жиддий процессуал қоидабузарликлар кузатилгани, овоз бериш, овозларни санаш ва якуний жараёнларда сайловнинг муҳим жиҳатларига эътибор берилмаганини танқид қилган.
Сайлов ўтказиладиган ойда 66 ёшни қаршилайдиган Шавкат Мирзиёев сўнгги бор 2021 йил октябрида 80 фоиздан кўпроқ овоз билан иккинчи 5 йиллик муддатга президент этиб сайланганди.