АҚШ: Сайловчилар коллегияси президент сайловида Байден ғалаба қозонганини тасдиқлади

Жо Байден ва Камала Ҳаррис

АҚШда 14 декабрь куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида Сайловчилар коллегияси Жо Байденни президент сайловининг ғолиби ўлароқ тасдиқлади.

Одатда формал жараён ҳисобланган Сайловчилар коллегиясининг овоз бериши Трамп ноябрь ойида ўтган сайловда кенг кўламли сохталаштиришларга йўл қўйилганини иддао қилгани ортидан бу йил алоҳида аҳамият касб этди.

Бир неча ҳафтадан бери ҳисобланган овоз натижалари Байден 306 сайловчи овозини олганини кўрсатаётганди, ғалаба қозониш учун эса 270 та овоз кифоя эди.

Эндиликда – 6 январь куни президент сайлови натижаларини Конгресс формал тасдиқлаши лозим. Конгресс аъзолари ҳар бир штатда овоз бериш натижаларини тан олмаслик ҳуқуқига эга. Агар иккала палатадан ҳеч бўлмаганда бир нафардан аъзо натижаларни тан олмаса, Намояндалар палатаси ва Сенатда у ёки бу штатдаги овоз бериш натижаларини тан олиш-олмаслик масаласи овозга қўйилиши мумкин. Шарҳловчиларнинг кўпи иш бу даражагача бормаслиги, борган тақдирда ҳам Трамп тарафдорларининг муваффақиятга эриши даргумонлиги, чунки демократлар Намояндалар палатасида кўпчиликни сақлаб қолгани ҳамда у ёки бу штатдаги сайлов натижаларини йўққа чиқаришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни рад этиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Янги президентнинг қасамёдга келтириш маросими 2021 йилнинг 20 январида ўтказилиши кутилмоқда.