Олий Мажлис Сенати 20 сентябрь кунги ялпи мажлисида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонда номақбул деб топишга доир қонунни маъқуллади.
Мазкур қонунга мувофиқ, “Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати” юритилади.
“Қора рўйхат”га
- Ўзбекистон давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган;
- давлатлараро ижтимоий, ирқий, диний ва миллий адоватни келтириб чиқарувчи;
- Ўзбекистон халқи шаъни, қадр-қиммати ва тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар ҳамда ҳаракатлар содир этган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар киритилиши айтилмоқда.
Мавзуга алоқадор Путин берган орденни “оқлаш”га ваъда берган Норбоева “Ўзбекистон мустамлака бўлмаслиги”ни айтди
Қайд этилишича, Ташқи ишлар вазирлиги юритадиган рўйхатга тегишли шахсларни киритиш Олий Мажлис палаталарининг кенгашлари ва махсус ваколатли органларнинг тақдимига биноан амалга оширилади.
Ўзбекистон ҳудудида бўлиши номақбул деб топилган шахсларга
- 5 йил давомида мамлакатга кириш;
- банкда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда қатнашиш;
- молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш тақиқланади.
"Суверенитетга таҳдид"
Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган шахслар 10 кун ичида мамлакатни тарк этмаса, мажбуран чиқариб юборилади.
Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон парламенти қуйи палатасининг 25 июнь кунги йиғилишида қабул қилинган эди.
Ўзгартириш ва қўшимчалар “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунига киритилмоқда. Улар чет элликларни мамлакатда қолишни истамаган деб тан олиш асослари ва тартибини белгилайди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси ҳозирги глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш заруратидан келиб чиққан.
Олдинроқ россиялик баъзи тарғиботчиларнинг Ўзбекистонга қарши баёнотларидан сўнг бир қатор жамоатчилик фаоллари Ташқи ишлар вазирлигига ўзининг “номақбул шахслар” рўйхатини тузишни таклиф қилишганди.
Хусусан, россиялик пропагандачи ва ёзувчи Захар Прилепиннинг 2023 йил декабр ойида Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақидаги баёноти ортидан Тошкентдаги рус элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига "таклиф этилган". “Ўзбекистон суверенитетига таҳдид” деб баҳоланган ушбу можаро босилмасдан россиялик яна бир пропагандачи баҳсли баёнот билан чиқиши маҳаллий фаолларни дарғазаб қилган эди.
Шу йилнинг 22 январь куни Россиянинг НТВ телеканалида эфирга узатилган “Место встречи” ток-шоусида Марказий Осиё республикаларининг ташкил этилиши масаласи муҳокама қилинганди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Рус империячилиги тарғиботчиси деб таърифланадиган Михаил Смолин кўрсатув давомида ўзбек, қозоқ ва озарбайжонларнинг миллат сифатидаги кўп асрлик тарихини шубҳа остига олди.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган янги қонунга тармоқларда турлича муносабат билдирилган.
Айрим фаоллар буни рус пропагандачиларига қарши вақтида берилган жавоб деса, бошқалар қонуннинг талқинларга очиқлиги ва сиёсий мухолифлар ҳамда ҳукумат танқидчиларига қарши қўлланиши мумкинлигидан хавотирда.