Ўзбекистон Олий Мажлиси юқори палатасининг 18 ноябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида сенаторлар томонидан Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг айрим участкалари делимитациясига оид шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омбори тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини маъқулланди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълумот тарқатди.
Мазкур қонун лойиҳалари 14 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биратўла уч ўқишда қабул қилинган. Бош вазир Абдулла Ариповнинг қуйи палатада берган ҳисоботи ортидан ўтказилган овоз бериш чоғида бу лойиҳаларни депутатлардан 117 нафари ёқлаган, 4 нафар депутат эса қарши чиққан.
Қонун лойиҳалари учун 17 ноябрь куни Қирғизистон парламентида ҳам овоз берилган. У ерда биратўла уч ўқишда қабул қилинган лойиҳалар учун 64 нафар депутат ёқлаб, 19 нафар депутат эса қарши овоз берган.
Қонун лойиҳалари кучга кириши учун эндиликда уларни Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари имзолашлари керак.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг бугунги ялпи мажлисида “давлат чегараси билан боғлиқ низоли масалаларнинг ҳал этилиши Ўзбекистон миллий хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади, чунки бу чегарадаги низоларнинг олдини олиш ва ноқонуний савдога самарали қарши курашиш имконини бериши” урғуланган.
“Ўз навбатида, Андижон (Кампиробод) сув омборидан биргаликда фойдаланиш минглаб фермер хўжаликларини сув билан узлуксиз таъминлашда ишончли кафолатлар яратади”, дейилган юқори палата хабарномасида.
Қонун лойиҳалари борасидаги турли талқинлар Қирғизистонда фуқаролик жамияти вакиллари орасида норозилик кайфиятини уйғотган. Бунинг ортидан расмийлар 26 нафар сиёсатчи ва фаолни “оммавий тартибсизликлар уюштиришга ҳозирлик” гумони билан ҳибсга олишган. Қирғиз расмийлари иддаосича, “провокаторлар қирғиз-ўзбек чегараси бўйича фуқароларга нотўғри маълумот беришмоқда”.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Кабар” миллий агентлигига берган интервьюсида ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига тўхталиб, бундан “Қирғизистон ҳеч қандай зарар кўрмайди”, деб айтган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса Қирғизистон билан чегара келишуви юзасидан ҳали бирор изоҳ берганича йўқ.