Адлия вазирлигининг билдиришича, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий қонунига киритилган қўшимчага асосан айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Сенат раиси бўлиши тақиқланди. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси раисига нисбатан ҳам ҳудди мана шундай меъёр жорий этилди.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида” қонунга киритилган ўзгартишларда қайд этилишича, сенаторлар Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — тўрт кишидан сайланади.
Сенатнинг тўққиз аъзоси “фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган обрўли фуқаролар орасидан” президент томонидан тайинланади.
Қонунчилик палатасининг депутати бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши ҳам тақиқланди.
Қонунларга киритилган ўзгартишларга асосан, депутат ва сенаторларга 36 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади.
Январнинг ўрталарида Сенат расмий сайтида Сенат аъзолари сонини 100 нафардан 65 нафарга қисқартириш белгиланганаётгани тўғрисидаги маълумот пайдо бўлган эди. Унда айтилишича, ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сенатор сайланиши, 9 нафари президент томонидан тайинланиши назарда тутилганди.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарлари сонини 7 тадан 2 тага қисқартириш режалаштирилаётган эди.