Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенат расмий сайтида билдирилишича, мазкур қонунда Сенат аъзолари сонини 100 нафардан 65 нафарга қисқартириш белгиланган.
Қонунда қайд этилишича, ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сенатор сайланиши, 9 нафари президент томонидан тайинланиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилади.
Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати берилмоқда. Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилиши, Сенатнинг янги таркиби эса 1 ой мобайнида шакллантирилиши белгиланган.
“Қонуннинг юқорида қайд этилган Сенат аъзолари сони ва қўмиталар номларини ҳамда Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари сони ва мақомини белгиловчи қоидалари 2024 йилда навбатдаги чақириқдаги Олий Мажлис палаталари иши бошланганидан амалга киритилиши белгиланмоқда”, дейилади расмий маълумотда.