Олий Мажлис Сенатининг шу йил 5 февраль куни видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтадиган ўн иккинчи ялпи мажлисида сайлов санасини кўчиришга, аудиторлик фаолиятига, Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш киритишга, “Халқлар дўстлиги” кунини белгилашга оид масалалар кўриб чиқиш режаланган. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати маълумот тарқатди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари президент сайлови ҳамда парламент ва маҳаллий кенгаш сайловларини декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасидан октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчириш қарорига келгани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилган. Мазкур қонун лойиҳаси амалиётга жорий этилиши учун Сенат томонидан маъқулланиши ҳамда президент томонидан имзоланиши лозим. Бу ишлар амалга ошган тақдирда, Ўзбекистонда 2021 йилдаги президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтиши мумкин.
Сенатнинг жума куни бўлиб ўтадиган сессиясида Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи тингланиши, Боёвут, Бўстон, Олот, Тўрақўрғон, Қарши туманлари ва Каттақўрғон шаҳрини 2020–2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастурларининг ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилиниши ҳам кутилмоқда.
Илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар, Ўзбекистонда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳамда иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳамда бошқа масалалар ҳам сессия кун тартибидан ўрин олган.