Сенаторлар гўшт ва картошкани ҚҚСдан озод қилишга оид қонунни маъқуллашди

Сенат аъзолари куни кеча бўлиб ўтган ялпи мажлисда гўшт, картошка ва музлатилган балиқ импорти ва реализациясини қўшилган қиймат солиғидан озод қилишга оид қонун лойиҳасини маъқулладилар.

“Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун, юқори палата матбуот хизмати маълумотига кўра, “гўшт маҳсулотлари ва асосий истеъмол маҳсулоти бўлмиш картошкага бўлган талаб ва нархлар барқарорлигини таъминлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш мақсадида” кўриб чиқилган.

Қонун билан мамлакат Солиқ кодексининг 483-моддасига жорий йил 10 октябридан 31 декабрига қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотлари, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ҳамда уларни реализация қилиш бўйича айланмалар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича қўшимча норма киритиш кўзда тутилган.

Мажлисда гўшт ва картошка ҚҚСдан озод қилиниши ортидан бюджет 250 миллиард сўмдан кўпроқ даромаддан маҳрум бўлиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Сенаторлар кўриб чиққан мазкур қонун лойиҳаси 19 октябрь куни Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинган эди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, сентябрь ойида товуқ гўшти 1,9-2,8 фоизга, қўй ва мол гўшти 1,8 фоизга, картошка эса 7,8 фоизга қимматлаган.