АҚШ Сенати кўпчилик овоз билан собиқ президент Дональд Трампга нисбатан бошлатилган импичмент жараёнини мамлакат конституциясига мувофиқ, деб топишди. Мазкур қарор сенаторлардан 56 нафари томонидан ёқланди. Қарорни ёқлаганлар орасида Трамп мансуб бўлган Республикачилар партиясининг олти нафар вакили ҳам бор.
Трамп импичментига оид резолюция Намояндалар палатаси томонидан унинг президентлик лавозимидан кетишига бир неча кун қолганда қабул қилинган. Депутатларга кўра, Трампнинг сайлов натижаларини тан олишни истамагани ва унинг чақириқлари 6 январь куни Капитолий биносига ҳужум ҳаракатини (ўша пайтда 6 киши нобуд бўлганди) келтириб чиқарган.
Трампнинг адвокатлари Сенат собиқ президентга нисбатан импичмент иши бўйича маҳкама ўтказиш учун юридик ваколатга эга эмаслигини иддао қилганлар. Бундан ташқари, улар Трампнинг чиқиши америкаликларга сўз эркинлиги кафолатини берувчи конституцияга киритилган биринчи ўзгартишлар билан ҳимояланганини айтмоқдалар.
Қораловчилар конституцияда президентларга лавозимдаги сўнгги кунларида ўз ҳокимиятини суиисътемол қилишга йўл берадиган истиснолар йўқлигини билдирганлар. “Акс ҳолда давлат раҳбари ўз муддати якунида “кўнглига келганини қилиш” имкониятига эга бўларди”, дея қайд этди қораловчилар гуруҳига раҳбарлик қилаётган демократ депутат Жейми Раскин.
Трампга импичмент эълон қилиниши учун уни Сенатдаги 100 аъзодан 67 нафари (50 нафар демократ сенатордан ташқари 17 нафар республикачи) ёқлаши шарт. Экспертлар фикрича, Сенатда собиқ президент импичменти учун бунча овоз йиғиш эҳтимоли кам.